Ўзбекистонда таълим соҳасига қанча маблағ ажратилиши маълум бўлди

27.04.2018 | Илм-фан | 2908

2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш дастури доирасида 14 та объектни қуриш, 256 та объектни реконструкция қилиш, 157 та объектни капитал таъмирлаш ҳамда боғчаларни жиҳозлаш учун Ўзбекистон ҳукумати 815 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Молия вазирлиги томонидан эълон қилинган 2018 йил учун республика бюджетида бу маблағ 2017 йилга нисбатан 3 баравар кўпдир.

Шунингдек, Молия вазирлиги томонидан 1200 та боғчаларни ўйинчоқ ва ўқув-қўлланмалар билан таъминлашга қўшимча 5 миллиард сўм ажратилади.

Бундан ташқари, 11 йиллик таълим тизимига ўтиши муносабати билан республика бюджетида 728,5 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган, улардан 46 миллиард сўм ўқув адабиётлар учун сарфланади.

Шунингдек, Молия вазирлиги китоб жамғармаси орқали 1,2 ва 11 — синфлар учун 113,5 миллиард сўмлик 29,7 миллион дона ўқув-услубий мажмуалар етказилади.

2017-2021 йилларда олий таълим тизимини ривожлантириш чора-тадбирлар дастури доирасида олийгоҳлар моддий-техника таъминотини ривожлантириш учун 448,5 миллиард сўм ажратилади (бу 2017 йилга нисбатан 1,5 баравар кўп).

Абитуриентлардан имтиҳон олиш жараёнига замонавий техника билан таъминлашга 8,2 миллиард сўм ажратиш режалаштирилган.