Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ахборот марказларини давлатда жамлаш вазифаси
1.05.2018 00:43,  
67

Ўтган чорак аср давомида, жамоатчилик фикрини шаклланишида юқори таъсирга эга бўлган шахсларнинг, мутафаккирларнинг, институтларнинг Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетиш жараёни салмоқли бўлди. Тахминан 2005-06 йилларга келиб, Ўзбекистонда шундай вазият шаклландики, бутун жамият тафаккурига таъсир қилувчи асосий ахборотлар, ғоялар, воқеа-ҳодисалар шарҳи четдан туриб берилар эди. Ўзбекистон олий ҳокимияти тақдири борасидаги жиддий маълумотлар, ахборотлар мутлақ тўлалигича хорижда шаклланди, хорижий ОАВларида чиқди, муҳокама қилинди. Аҳоли сонига кўра пост-совет ҳудудидаги Россия ва Украинадан кейинги учинчи, Марказий Осиёдаги биринчи давлат бўлишига қарамасдан, Ўзбекистоннинг қалби, тафаккур маркази борасидаги, унинг тақдири ҳақидаги барча маълумотлар, ахборотлар ҳаммаси фақат Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида айтиларди.

Ахборот сиёсати ва ахборот мустақиллиги борасида Ўзбекистон давлатчилиги шу қадар мураккаб вазиятга тушиб қолган эдики, энди энг асосий кун воқеаларининг барчаси расмий ОАВларидан ташқарида кечар эди. Яъни, Ўзбекистондаги реал муаммоларни жамоатчилик фақат ташқарида жойлашган ОАВларидан, ташқарида яшаб келаётган шахслардан билиб келди. Ўзбекистон ичкарисида кенг жамоатчилик мустақил ОАВларини яширинча кузатади, мустақил радиоларни эшитади ва интернет сайтлари ўқийди, энг аҳамиятли воқеа-ҳодисалар давлатнинг ичида миш-мишлар даражасида, ўзаро яширинча муҳокама қилинади. Лекин расмий ҳокимият бу ахборотларга ҳеч қандай таъсир қила олмасди, муносабат билдира олмасди.

Бошқача қилиб айтганда, Ўзбекистон дунёдаги жуда кам сонли шундай давлатлардан бирига айландики, унинг тақдирига дахлдор ахборотлари тўлалигича хорижда шаклланар эди. Ўзбекистон, бу билан ўзининг ахборот мустақиллигини тўлалигича йўқотган, ахборот дунёсининг субъекти эмас, 100% объектига айланган давлат эди. Вазиятнинг мураккаблиги шу даражага бордики, бутун бошли давлат ташқи ахборот хуружлари, ташқарида жойлашган гуруҳларнинг ахборот-психологик хужумларидан қўрқиб яшаган даврлар кечди. Бу қўрқув, айниқса, “араб баҳори” воқеалари фонида, ижтимоий тармоқлар ривожланиши соясида яққол кўринди. Ҳокимиятнинг қўрқуви асосли эди: бир томондан одамлар ҳокимиятга ишонмасди, бошқа томондан ташқи факторларнинг йўналтирилган ахборот сиёсати, мамлакатда ижтимоий бўҳронларга катализатор бўлиш потенциали мавжуд эди.

Ҳар қандай давлатнинг ахборот мустақиллиги – сиёсий мустақиллигининг пойдеворларидан бири. Лекин, глобаллашган дунёда изоляционизм ишламайди. Жамият ҳаққоний ва ёлғон маълумотларни доим фарқлай олади. Одамларнинг қалбидаги, юрагидаги, онгидаги энг жозибадор фикрлар, агар давлатнинг ичида айтилмаса, муҳокама қилинмаса, албатта у давлат ташқарисида айтилади ва муҳокама қилинади. Ана шу ҳолатдан бошлаб, жамиятнинг қалби, юраги ва тафаккури давлатнинг ичидан ташқарига чиқиб кетган бўлади, ва бу билан, давлатнинг, давлатчиликнинг инқирозли ҳолатга тушиб қолганлигини ифодалайди.

Ҳар бир давлатда ҳокимиятнинг қанчалик легитимлигини, яъни, халқ ишонч-эътироф даражасини белгиловчи институтлар бўлади. Дунёда ОАВлар, қолаверса, мутафаккирлар қатлами, давлатнинг легитимлик котировкаларини белгилаб берувчи, кўтариб-тушириб турувчи энг марказий институтлардан ҳисобланади. Ўзбекистон ҳокимияти ва давлатининг легитимлик котировкаларини четдаги ОАВлари белгилаб бериши – жиддий сиёсий муаммо ҳисобланади. Дунё давлатларини биронтаси ахборот нуқтаи назаридан тўлақонли мустақил бўла олмайдики, дунёда ўзаро боғлиқлик муттасил ошиб бормоқда. Лекин бутун бир давлат ва ҳокимиятга нисбатан ишонч даражаларини тўлалигича ёки асосан хориждан туриб белгиланиши, нормал ҳолат ҳисобланиши мумкин эмас. Давлат ичида фаолият юритадиган ОАВлари ва сўз эркинлиги, тафаккур тараққиёти шундай бир даражада бўлиши керакки, бир томондан сўз ва фикр эркинлиги қадриятлари устувор бўлса, иккинчи томондан давлат ва ОАВлари, мутафаккирлар ўртасида оҳиста, лекин доимий ва ишончли мулоқот устувор бўлиши керак.

Ўзбекистон нисбатан бир таркибли, маданий жиҳатдан миллий ва диний қадриятларни юқори англайдиган, маҳаллий аҳоли маданияти бой бўлганлиги сабабли ташқи давлатлар таъсиридан мустақилликка мойил бўлган жамиятдир. Лекин шундай бўлса-да, қаттиқ назорат сиёсати остида ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда жамиятга таъсири қудратли бўлган ОАВлари, мутафаккирлар қатлами шаклланмади. Натижада, Ўзбекистон халқи ва давлатчилиги бир томондан ташқи давлатларнинг, айниқса, Россия Федерациясининг геосиёсий йўналтирилган ахборот босимларига юқори даражада мойил бўлди. Бошқа томондан, ташқи дунёдаги ўзбекистонликлар, ўзбек-тилли ахборотлар ва давлат ўртасидаги қадриятлар тўқнашуви Ўзбекистон давлатининг репутациясига салбий таъсир қилди.

Янги ҳокимият олдида турган марказий вазифалардан бири – бу Ўзбекистон жамоатчилигига таъсир қилишда салоҳияти юқори бўлган хориждаги шахслар, институтлар, ОАВлари билан мулоқотни йўлга қўйиш, аста-секин миллий тафаккур маркази, ахборот марказини Ўзбекистонни ичкарисига тўлалигича ёки асосий қисмини қайтариш бўлиши мақсадга мувофиқ.

Бугунги кундаги сиёсий фурсат – шаклланган қулай сиёсий вазият бу вазифани амалга оширишга имкон беради. Янги ҳокимият давлат ва жамият олдида турган ва кейинги босқичларда ҳал қилиниши лозим бўлган муаммоларга бугундан тайёрланиши лозим. Янги ҳокимиятга нисбатан доим ижтимоий кутиш юқори бўлади. Лекин, ҳар доимгидек, жамиятдаги муаммоларни тезда ҳал қилиш имконсиз: бунинг учун ресурслар чекланган, муаммоларни ҳал қилиш борасида жамият малакаси ҳали шаклланмаган, бюрократия эса эскича фикрлаш қолипидан чиқа олмаган бўлади.

Натижада, ислоҳотлар сиёсати фонида эскича бошқарув парчалана бошланган, янгича тизим ҳали шаклланмаган пайтда, одамлар тафаккуридаги қўрқув эриб бошлаган ва кутишлар амалга ошмаганида – бир қадар рискли вазиятлар потенциали ошади. Жамиятда ижтимоий бўҳронларга, оммавий норозиликларга мойиллик ошади. Ана шу пайтга қадар янги ҳокимият жамият учун ишончли, авторитетли бўлган ОАВларини, ахборот марказларини ва ғоя-тафаккур шакллантирувчи шахсларни ўз атрофига йиға олса ёки таъсир доирасида ушлаш имкониятини ярата олса, юқорида айтилган инқирозли вазиятларни зўриқишларсиз, анча енгил босиб ўтади.

Ўзбекистонда йиғилиб қолган ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий муаммолар кўлами жуда чуқур, уларни қисман бўлса-да ҳал қилиш ва юмшоқроқ вазиятга олиб келиш учун кўп йиллар, ўн йилликлар керак бўлади. Шу нарса аниқки, Ўзбекистон янги ҳокимиятининг туб манфаатига кирувчи вазифалардан бири – кучли, рақобатбардош ва жамиятга, қолаверса, ташқи дунёга таъсирчан ОАВлар ва мутафаккирлар қатламини шакллантириш, бу институтлар ва шахслар билан ишончли муносабатларда бўлишдир. Глобаллашган дунёда ғоялар ва ахборотлар мутлақ эркинлик ва глобал рақобат сари юзланади. Ана шундай пайтда ахборотни бир томондан кучли назорат қилишга интилиш, бошқа томондан рақобатбардошликни талаб қилиш – амалга ошириб бўлмайдиган вазифадир.

Янги ҳокимият том маънодаги мустақил ОАВлари шакллантиришда иккиланмаслиги, 32 миллионлик Ўзбекистон жамиятига таъсир қилувчи фаоллар билан ҳамкорликни орқага ташламаслиги лозим. Агар давлат ўз кучига ортиқча ишонишдан воз кечиб, ҳикмат билан иш қилса, асоссиз эҳтиёткорликдан кўра моҳирона дипломатияга устуворлик бериб фаолият юритса, Ўзбекистонда ҳеч ким мағлуб бўлмайди, лекин ҳокимият мутлақ ғолиб бўлади.

Ўзбекистон тарихий имкониятлар рўпарасида” силсиласидан, иккинчи мақола.

30 апрель 2018 йил.

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос, Париж

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан