Тошкент аэропортида 10 минг долларлик дори воситалари контрабандаси аниқланди

03.05.2018 | Ўзбекистон | 2334

Тошкент халқаро аэропорти божхоначилари кўп миқдордаги дори воситалари ва тиббий буюмларининг республикага ноқонуний олиб кирилишининг олдини олишди, деб хабар қилди Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.

"Москва-Тошкент рейси бўйича парвозини якунлаган фуқаро З.Б. божхона чегарасидан "яшил" йўлак орқали ўтаётиб, ёнида тақиқланган ёки ортиқча юклари йўқлигини маълум қилади. Бироқ божхона ходимларида шубҳа уйғотгани сабабли унинг юклари белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди ва унинг қилмишлари фош бўлди", — дейилган хабарда.

Хабарда айтилишича, З.Б. юклар орасида божхона назоратига тақдим қилинмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида айтилмаган, умумий нархи дастлабки суриштирувларга кўра 60 миллион сўмлик 14 турдаги 409 дона стоматологик тиббий буюмни олиб киришга уринган экан.

Худди шу рейс билан учиб келган яна бир йўловчи фуқаро А.Ж.га ҳам божхона чегарасидан "яшил" йўлак орқали 29 турдаги 113 дона дори воситалари ва тиббиёт буюмларини олиб ўтиш "насиб" қилмади.

Ушбу шахс қиймати 25 миллион сўмлик ушбу товарлар ҳақида йўловчи божхона декларациясида ҳам, божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида ҳам маълум қилмай туриб, олиб кирмоқчи бўлган пайтда тўхтатиб қолинди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.