Яна бир гуруҳ афғонистонлик ёшлар таълим олиш учун Ўзбекистонга келдилар

04.05.2018 | Илм-фан | 2538

Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида қўшни давлатдан ўқиш истагида келган бир гуруҳ ёшларни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили И. Иргашев, олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Д. Набиев, Афғонистон Президентининг МДҲ ва Россия давлатлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича махсус вакили М.Ш. Коргар, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти бошқарув раиси ўринбосари А. Камолов, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази талабаси А. Азизий ва бошқалар Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги ҳамкорлик, яқин қўшничилик ва азалий дўстлик алоқалари йилдан йилга мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Марказнинг кўп қаватли муҳташам ўқув биноси, талабалар турар жойи, ахборот-ресурс маркази, спорт зали ва майдончалари, ошхона афғонистонлик талабалар учун хизмат қилмоқда. Бинода кимё ва физика каби фанларни чуқур ўзлаштириш, темир йўл транспорти тизимини пухта ўрганиш учун лингафон хоналари, лабораториялар ташкил этилган. Маиший, савдо ва бошқа хизматлар кўрсатадиган шохобчалар фаолият юритмоқда.

Ахборот-ресурс маркази иқтисодий-техник ва ижтимоий-гуманитар йўналишлардаги фанлар бўйича етарли ўқув ва ёрдамчи дарсликлар, бадиий ва ижтимоий-сиёсий адабиётлар, Ўзбекистонда ишланган 50 дан ортиқ бадиий ва ҳужжатли фильмлар, аудио тўпламлар дисклари билан тўлдирилган. Электрон кутубхона тизимига лотин алифбосидаги 700 дан зиёд электрон адабиёт жойлаштирилган.

Айни пайтда ўқув даргоҳида 96 нафар афғонистонлик ўғил-қиз ўзбек тили ва адабиёти мутахассислиги бўйича касб сирларини ўрганмоқда.

Тадбир иштирокчилари талабалар учун яратилган шароитлар билан танишди. Санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.