Прокуратура Тошкент вилоятидаги мактаб-интернатда ўта қўпол қонунбузилишларни аниқлади

07.05.2018 | Ўзбекистон | 2697

Тошкент вилоят прокуратураси томонидан Оққўрғон туманидаги 78-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати фаолияти ўрганилиб, текширилганда ўта қўпол қонунбузилиши ҳолатлари қайд этилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти прокуратураси матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда айтилишича, текшириш вақтида мактаб-интернатда санитария-гигиена қоидаларига умуман риоя қилинмаганлиги маълум бўлди.

Масалан, мактабгача таълим гуруҳлари учун алоҳида ётоқхоналар ташкил этилмагани, ётоқхонада яшовчи болаларга ювиниш учун шароитлар яратилмагани, ҳаттоки таълим муассасасининг 33 нафар ходимлари тиббий кўрикдан ўтмасдан фаолият кўрсатиб келган.

"Ачинарлиси, кўп йиллардан буён мактаб-интернат ётоқхонасида мавжуд хожатхона носоз ҳолда бўлиб, болалар ундан санитария-гигиена талабларига зид равишда фойдаланиб келаётганлиги ҳамда зарарсизлантирувчи эритмалар таъминоти йўқлиги натижасида бир қанча тарбияланувчилар тери-таносил касалликларига чалинганлиги барчани ташвишга солиши лозим. Таълим муассасасининг мансабдор шахслари томонидан ушбу касалликларни эрта аниқлаш ва болалар касалланишининг олдини олиш чоралари кўрилмасдан, аксинча, нотўғри даволаш ишлари ўтказилиб, тиббий меъёрларга мос бўлмаган муолажалар олиб борилган", — дейилган хабарда.

Бундан ташқари, таълим муассасасининг 16 ёшли бошқа бир тарбияланувчиси И.Соколовнинг бир ярим ойдан буён дарс машғулотларига қатнашмасдан бедарак йўқолганлиги ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига хабар берилмаган.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан мактаб-интернат мансабдор шахслари ва бошқа шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Дастлабки тергов давомида аниқланган ҳар бир қонун бузилиши ҳолатига қонуний баҳо берилиб, вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ва айбдор шахсларни қонунда белгиланган жавобгарликка тортиш чоралари таъминланади.