Тошкентда Бобомурод Абдуллаев ва унинг жиноий шериклари дея гумон қилинган журналистларнинг озод этилгани «мисли кўрилмаган воқеа»

07.05.2018 | Таҳлил | 2763

45 ёшли Бобомурод Абдуллаев ва унинг жиноий шериклари дея гумон қилинган уч шахс - блогер Ҳаётхон Насриддинов, тадбиркорлар Равшан Салаев ва Шавкат Оллоёров Ўзбекистон ҳукуматини ағдаришга уриниш ва бунинг учун яширин амалиёт устида ишлаганликда айбланган эди. Судга кўра, айбловлар исботланмаган.

Ўзбекистонда деярли чорак аср мобайнида тузумга қарши ҳаракатда айбланган инсонлар аксарият ҳолларда оғир жазоларга маҳкум этилгани, маҳкама ёпиқ кечиб, жараён билан боғлиқ саволлар жавобсиз қолгани, айблов асоссиз экани ҳақидаги иддаолар тингланмагани, апелляция тартибида кўриб чиқилганида ҳам ҳукм ўзгармаганини ҳисобга олсак, Абдуллаев ва унинг шериклари иши озодлик билан якун топгани «мисли кўрилмаган ва кутилмаган» янгилик.

Мана шундай таҳлилни Нью-Йоркдаги "Human Rights Watch" (HRW)​ ва Лондондаги Халқаро Аминистия ташкилотларидан эшитар эканмиз, улар судланувчилар ўтган йилнинг кузидан бери ҳибсда ўтиргани, қийноққа солинганини айтгани ва уларнинг яқинлари ҳам бу давр мобайнида қўрқув ва босим ичида яшаганини эътироф этади.

Президент Шавкат Мирзиёев яқин кунларда АҚШга расмий сафар қилади. Оқ уйда Президент Доналд Трамп билан юзма-юз мулоқот қилади. Давлат департаменти, Мудофаа вазирлиги ва Конгрессда ҳам учрашувлар кутилмоқда.

АҚШ ҳукумати Ўзбекистонда сиёсий маҳбуслар бирин-кетин озод этилганини кенг олқишлаб, «ислоҳотлар кўламини эркинлик даражасига қараб биламиз», дея эслатиб келмоқда. Бугунги янгилик ҳам Вашингтонда жуда илиқ кутиб олинган.

Мана шундай муҳим ташриф арафасида Тошкентда ҳамманинг эътиборида турган жиноий иш ижобий якун топгани Мирзиёевни Ғарб назарида реал ислоҳотлар қилаётган ва мамлакатини янги йўлдан олиб бораётган раҳбар сифатида кўрсатади.

HRW​нинг Ўзбекистон бўйича вакили Стив Свердлов яқинда «Америка Овози» билан суҳбатда бу ишни шундай муҳокама қилган:

«Бу суд иши, менимча, бутун Ўзбекистон жамияти учун муҳим бир синов. Kun.uz, Sof.uz ва бошқа ахборот манбалари нозик масалалар муҳокама қилинаётган бу ишни кузатиб, уни ёритаётгани, жараённи кундалик равишда хатлаб бораётгани таҳсинга сазовор. Айбланувчиларнинг гапларини бемалол эшитаяпмиз. Йиллар олдин биз бундай ҳолларга гувоҳ бўламиз деб хаёлга келтирмаган эдик. Очиқ суд, очиқ муҳокама. Қийноқлар ҳақида ҳам очиқ гаплар».

«Бу иш Ўзбекистон ҳаётининг ҳар бир жабҳаси билан боғлиқ. Хавфсизлик органларининг иши муҳокамада. Шу пайтнинг ўзида парламент Давлат хавфсизлик хизмати фаолияти билан боғлиқ қонун устида ишлаётганини кўрдик. Бу эса матбуот, инсон ҳуқуқлари билан чамбарчас боғлиқ. Суд иши бу масалалар аҳамиятини акс эттирмоқда».

"Лекин бу журналистларнинг 10-20 йилга қамалиб кетиш эҳтимоли чуқур хавотир уйғотади. Агар шундай бўлса, бу орқага қайтиш, чекиниш бўлади. Ҳукумат танқидга чидамли эканини кўрсата олиши керак. Қамаш ва озод этиш масаланинг бир тарафи, лекин давлат қанчалик кучли эканини унинг танқидга, эркинликка тоқати белгилайди. Бу ўта муҳим омил. Мана шу судни кузатаётганлардан бири ҳозир собиқ сиёсий маҳбус, энг кўп йил панжара ортида ўтирган журналист Муҳаммад Бекжонов. Кеча яна бир собиқ маҳбус, журналист Дилмурод Саидов билан кўришдим. Уларнинг озод экани ажойиб ўзгариш лекин бошқаларни асоссиз қамаш билан орқага чекинасиз. Ҳукумат эркинлик тарафдори эканини кўрсата олиши лозим".

Свердлов дейдики, Ҳукумат ва HRW​ орасидаги мулоқот кенгайган ва чуқурлашган.

«Танқидимизни эшитишаяпти. Фикр алмашаяпмиз. Бир-биримизни тинглаяпмиз. Очиқ тадбирлар ўтказиш, уларда танқидий материаллари билан танилган фаоллар ва журналистлар қатнашиши учун шароит зарурлиги ҳақида гаплашаяпмиз. Ҳуқуқбузарлик, қонунбузарлик ҳоллари ҳақида эркин гаплашиб олиш учун замин яратилиши кутилмоқда. Ислоҳот деган нарса ўтмишни таҳлил қилиб, қилинган хатолардан ўрганиш демакдир. Шу боис ҳам ҳозирги мулоқотимиз умид бағишлайди», - дейди Human Rights Watch вакили.

Халқаро Амнистия ташкилоти назарида Абдуллаев аслида қилмаган иши учун аллақачон жазоланиб бўлди, яъни ўтган йилнинг кузидан бери панжара ортида азобланди. Унинг қийноққа солингани ҳақидаги даъволари жиддий кўриб чиқилсиҳи ва келажакда бирор маҳбус бундай ҳолга солинмаслиги таъминланиши шарт, дея ундамоқда бу халқаро ташкилот.

Швециядаги Фуқаро Эркинликлари Ҳимоячилари ташкилоти, Франциядаги Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари уюшмаси, Белгиядаги Инсон ҳуқуқлари учун халқаро ҳамкорлик ташкилоти ҳам Абдуллаев ва унинг шериклари озод этилганини олқишлаб, Ўзбекистонда адлия тизими мустақиллиги ва ҳуқуқ таъминоти бўйича ислоҳотлар жадаллашаверади, дея умид билдирмоқда.

Бугун суд эшиги олдида оммага гапирган Бобомурод Абдуллаев фикрича, Президент Шавкат Мирзиёев халқни ва жамиятни эркинлик томон етакламоқда. Лекин ҳақиқий синовлар олдинда. Мирзиёев ва унинг маъмурияти танқидий журналистикага қанчалик тоқат қилади? Ўзига нисбатан танқидга қанчалик тайёр? Ўзбекистонда журналистни иши учун қамаш одатига барҳам бериладими йўқми? Халқаро ҳамжамият мана шундай саволлар билан вазиятни кузатишда давом этади.