Таклиф: “Маҳалла фуқаролар йиғини” эмас, “Маҳалла йиғини” десак бўлмайдими?

08.05.2018 | Блог | 2613

Асли ўртага таклиф ташлашга ҳожат йўқдек. “Маҳалла фуқаролар йиғини”, вассалом, ҳамма жойда шундай ёзилади-да, бирор марта қарамаганмисиз?

Қараганмиз, бир неча марта қараганмиз. Аммо гап ҳозир бунда эмас. Сиз ҳам жумланинг ортига бир қаранг.

Маҳалла сўзи арабчадан “жой”, “ўрин”, “макон” деб таржима қилинади. Шу билан бирга “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да бу сўзнинг “айни бир ҳудудда яшовчилар” деган маъноси ҳам бор. Қолаверса, кўпчилигимиз маҳалла деганда уйлар қурилган микрорайончани эмас, ўзини ўзи бошқарувчи бир жамоани тушунамиз.

Сўзлашувимизда “Маҳаллани тўпла”, “Маҳаллага ош берамиз”, “Бундан маҳалланинг хабари борми?” каби жумлаларни кўп қўллаймиз. Диққат қилинг: бу ерда фуқаро сўзини ишлатамизми? Мутлақо, чунки бу сўзга ҳожат йўқ, маҳалла сўзи шундоқ ҳам фуқароларни ифодалаб турибди.

Бас, шундай экан, нега фуқаро сўзини зўраки равишда тиқиштирамиз? Нутқимиз содда ва тушунарли бўлгани яхши эмасми? “Маҳалла фуқаролар йиғини” демасдан “Маҳалла йиғини” ёки “Маҳалла идораси” десак тушунарсиз бўлиб қоладими ёки осмон узилиб маҳаллага тушадими? Бу ибора асли миллий атамани русчалаштириб (махаллинский комитет) ва яна қайта ўзбекчалаштирилган “шўрвасининг шўрваси”дир. Истеъмолбоп, мазалироқ бўлса ҳам кошки эди..

Алишер Азиз