Россияга келган ўзбекистонликлар 1 кун ичида рўйхатдан ўтишлари керак бўлади

08.05.2018 | Жаҳон | 2636

Ушбу йилнинг 25 майидан 25 июли орасида Россия Федерациясининг айрим шаҳарларига ташриф буюраётган хориж фуқаролари 1 кун ичида рўйхатдан ўтишлари керак, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.

“Россия президенти фармонига мувофиқ, 2018-йилнинг 25-майидан 25-июлигача Москва, Санкт-Петербург, Волгоград, Екатеринбург, Казан, Калининград, Нижный Новгород, Ростов-на-Дону, Самара, Саранск ва Сочи шаҳарларида чет эл фуқароларини рўйхатга қўйиш муддати Россияга кириб келган кундан эътиборан 1 кун қилиб белгиланди”, — дейилган хабарда.

Хорижий фуқароларни рўйхатдан ўтказиш тартибини ўзгартириш футбол бўйича ФИФА-2018 Жаҳон чемпионати ўтказиш билан боғлиқ. Хусусан, Россия президенти фармонига мувофиқ,  жаҳон чемпионатини ўтказиш билан боғлиқ ҳудудларида ҳамда улар атрофида кучайтирилган хавфсизлик чоралари қўлланилади.

Ушбу қоида Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам таалуқлидир. Шунинг учун Россияга ташриф режалаштираётганда юқорида кўрсатилган ўзгаришни ҳисобга олишлари керак бўлади. Ушбу қоидага амал қилмаган фуқаролар маъмурий жавобгарликка тортилиши ва келажакда Россия ҳудудига кириши таъқиқланиши мумкин.