Ўзбекистон президенти "ҳам фарз, ҳам қарз" бўлган ишни эслатиб ўтди

09.05.2018 | Ўзбекистон | 2854

"Фашизмга қарши курашда ҳалок бўлган минглаб ватандошларимизнинг сўнмас хотирасини ёд этиб, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтириш — ҳам қарз, ҳам фарз", — деди Тошкентдаги Ботаника боғида бўлиб ўтган 9 майга бағишланган байрам тадбирида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

"Бугун жонажон Ватанимизда 9 май — Хотира ва қадрлаш куни, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабанинг 73 йиллиги кенг нишонланмоқда. Ана шу қутлуғ айём билан сизларни, сизлар орқали кўп миллатли бутун халқимизни чин қалбимдан муборакбод этаман. Барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдираман.

Сиз, азизларни биз фашизмга қарши мардона курашган, буюк Ғалабага беқиёс ҳисса қўшган, Ватанимизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари, деб биламиз ва сизлар билан чексиз фахрланамиз. Сизларнинг бугун орамизда мана шундай нуроний бўлиб, дуогўй бўлиб юришларингиз биз учун, албатта, катта бахт, катта давлатдир", — деди президент.

Мирзиёев тадбир давомида ветеранлар ва фронт фахрийлари ўтирган дастурхонларни айланиб, нуронийларнинг ҳар бирини бағрига босиб, уларни шахсан табриклаб чиқди.

Иккинчи жаҳон уруши арафасида Ўзбекистонда 6,5 миллион аҳоли яшаган бўлса, шундан 1 миллион 500 мингдан зиёди фронтга сафарбар этилган. Бу ўша пайтдаги Ўзбекистон халқининг 22 %ини, меҳнатга яроқли аҳолининг эса 40-42 %ини ташкил этарди.

Урушда ўзбекистонлик жангчилардан 500 мингдан кўпроғи — фронтга сафарбар этилганларнинг ҳар учтасидан бири ҳалок бўлди, 60 мингдан ортиқ ҳамюртимиз ногирон бўлиб қайтди.

Урушда қатнашган 120 мингдан ортиқ Ўзбекистон фарзанди жанговар орден ва медалларга сазовор бўлган. Уларнинг 280 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони билан, 82 нафари эса учала даражадаги "Слава" ордени билан мукофотланган.

Уруш даврида Ўзбекистон халқи томонидан фронтга 2 мингдан зиёд самолёт, кўплаб қурол-яроғ, юзлаб ҳарбий-санитария поездлари, дала ошхоналари, палаткалар, жуда катта миқдордаги озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа зарур маҳсулотлар етказиб берилган.

Ўзбекистон меҳнаткашлари тўплаган маблағлар ҳисобидан ўнлаб ҳарбий самолёт ва танклар, жанговар машиналар барпо этилган.

1941-1945 йилларда Ўзбекистон собиқ Иттифоқ миқёсидаги улкан госпиталга айланган — бу ерда минг-минглаб жангчилар даволаниб, уруш ва меҳнат фронтларига қайтганлар.