Мажбурий меҳнат сабабли вафот этган Самарқандлик ўқитувчининг оиласи 44 млн сўм нафақа пули олади

12.05.2018 | Ўзбекистон | 2193

Шу йилнинг 14 март куни бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этган Каттақўрғон туманидаги 42-сонли мактабнинг меҳнат тўгараги ўқитувчиси Диана Еникееванинг яқинларига товон тўловлари белгиланди. Бу ҳақда "Халқ билан мулоқот" гуруҳида хабар қилинди.

Хабарда айтилишича, Диана Еникееванинг вафоти Махсус текшириш комиссияси хулосасига биноан ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса деб топилган.

"Махсус текшириш комиссияси фаолиятида касаба уюшмалари вакили ҳам иштирок этди ва воқеалар ривожи Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг доимий назоратида бўлиб турди", — дейилади хабарда.

Якуний ҳисоб-китобларга кўра, Диананинг яқинларига қуйидаги тўловлар тўланиши белгиланди:

"Агросуғурта" суғурта компаниясининг Каттақўрғон туман бўлими томонидан марҳум Диана Еникееванинг оиласига бир марта тўланадиган 44 млн 697 минг 96 сўм бир йўла нафақа миқдори белгиланган. Бунда Диананинг олти йиллик ўртача иш ҳақи ҳисобга олинган.

Шунингдек, боқувчисини йўқотганлик туфайли Диананинг фарзандига ойма-ой 206 минг 931 сўм миқдорида нафақа тўлаш белгиланди. Ушбу нафақа фарзанди токи 16 ёшга тўлгунга қадар, яъни 2018 йил март ойидан 2032 йил 4 февралга қадар тўлаб борилади.

Бундан ташқари, 2019 йил 4 февралга қадар, яъни Диананинг фарзанди уч ёшга тўлгунга қадар жами 2 млн 211 минг 634 сўмлик тўлов ҳам тайинланган.