Рўза тутиш қанчалик фойдали?

13.05.2018 | Жаҳон | 3411

Рамазон ойида ҳар бир мусулмон киши рўза тутишга ҳаракат қилади. Мусулмон олимлар рўза тутишнинг инсон организми учун ҳеч қандай зарари йўқлиги, аксинча, катта фойда келтиришини таъкидлайди.

1975 йилдаёқ таниқли шифокор Аллан Котт «Рўза ҳаёт тарзи сифатида» китобида рўзанинг фойдали жиҳатларини гапириб ўтиб, у «овқат ҳазм қилиш ва марказий асаб тизими физиологик дам олишига имкон яратиши, шунингдек, метаболизмни нормаллаштириши»ни таъкидлаган эди.

«Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, одам оч қолган вақтда асаб тизимида нейротрофик фактор ажралиб чиқади, у асаб ўсимталарини ўстиради, ва шу тариқа мия яхшироқ ишлашни бошлайди», — дея кардиолог Герман Гандельман ўз фикрини баён қилди.

Америкада ўтказилган тадқиқотларга кўра, очлик одамнинг иммун тизимини мустаҳкамлайди: рўза ойида лимфа тугунлари фаолияти ўн марта яхшиланади ва иммун функцияларини бажарувчи ҳужайралар сони ошади.

Рўза, шунингдек, ошқозон яраси профилактикасида ажойиб иш беради, чунки унинг кислоталилигини нормаллаштиради.

Кунботардан эрта тонг вақтигача рўзадор маълум миқдордаги овқатни кичик порциялар билан ейиши керак. Невролог Дмитрий Шубиннинг сўзларига кўра, бу қондаги қанд миқдорини зарур даражагача кўтаради ва одам ўз организмини қийнамасдан, яна бир кунни овқатсиз ўтказади.