Тошкент шаҳрига янги бош имом-хатиб тайинланди

14.05.2018 | Ўзбекистон | 4383

Шу вақтгача Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари ва Чилонзордаги «Собитхон ҳожи» жоме масжиди имом-хатиби сифатида ишлаб келган Эргаш Рустамов Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хабар беришларича, 14 май куни Тошкент шаҳридаги «Шайх Зайниддин» жоме масжидида Тошкент шаҳар имом-хатибларининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтган. Унда, жумладан, шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов ҳозирда бетоб бўлиб тургани сабаб, Рамазон ойида диний соҳада иш ҳажмининг ортиши, кўплаб тадбирлар ва хайрия лойиҳаларида масъуллар юклатилиши муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси (ЎМИ) буйруғи билан Эргаш Рустамов шаҳар бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинлангани маълум қилинган.

1959 йили Сурхондарё вилоятида туғилган Эргаш Рустамов 1997 йилда Imoм Бухорий номидаги Тошкент ислом институтини тамомлаган. 1996—1997 йилларда Тошкент ислом институти проректори, 1996—2017 йилларда Чилонзордаги «Собитхон ҳожи» масжиди имом-хатиби, 2006—2010 йилларда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари, 2012—2017 йилларда ЎМИнинг Сурхондарё вилояти вакили, Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби лавозимларида ишлаган.

Эргаш Рустамов 2017 йилдан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари ва Чилонзордаги «Собитхон ҳожи» жоме масжиди имом-хатиби сифатида ишлаб келаётган эди.

Маълумот учун, апрель ойи бошида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов микроинсультни бошдан кечиргани, май ойи бошида эса комадан чиққани ҳақида хабар берилган эди.