Исроил Бош вазири фаластинликларни қизғин қўллаб-қувватлаётган Туркия президентига ғазабини йўллади

15.05.2018 | Жаҳон | 3607

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғонни ХАМАС ҳаракатини қўллаб-қувватловчи деб атади ва "аҳлоққа ўргатмасликка" чақирди.

"Эрдўғон — ХАМАСнинг энг йирик тарафдорларидан бири, у, шубҳасизки, терроризм ва қирғин нималигини тушунади. Эрдўғонга бизни аҳлоққа ўргатмасликни маслаҳат бераман", — дейилади Нетаньяху матбуот-хизмати хабарида.

Туркия президенти Тойип Эрдўғон Исроилнинг Ғазо минтақасидаги ҳаракатларини геноцид деб атади. У Туркияда уч кунлик мотам эълон қилди ва АҚШ ҳамда Исроилдаги элчиларини маслаҳатлашув учун чақириб олди.

Бундан ташқари, Анқара Истанбулда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг навбатдан ташқари йиғилишини чақирди. Учрашув жума куни бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Анқара Исроилнинг 60 дан зиёд фаластинликлар ҳалокатига сабабчи бўлган Ғазо секторидаги ҳаракатлари туфайли Вашингтон ва Тел-Авивдаги ўз элчиларини маслаҳатлашиш мақсадида чақириб олган эди.

Сўнгра Анқара Исроил элчисига унинг мамлакатдан чиқиб кетишини истаётганини билдирди.