General Electric Тошкент ИЭСда янги буғ-газ блокини қуриши мумкин

16.05.2018 | Ўзбекистон | 2267

General Electric ва «Ўзбекэнерго» Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи доирасида энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича битимни имзолади. 

Томонлар Тошкент ИЭСда GE H-синфига мансуб газ турбинаси базасида қуввати 600 МВтдан юқорироқ бўлган янги буғ-газ блокини қуриш имкониятларини кўриб чиқишга келишди. Америка компанияси вакили маълумотларига кўра, H-синфи GE`нинг энг кучли блокларидан бўлиб, дунёда ҳам энг юқори самарадорликка эга турбиналардан ҳисобланади. Жумладан, 2018 йилда Нагоядаги (Япония) буғ-газ қурилмаси фойдали иш коэффициенти бўйича 63,08 фоизлик натижа билан Гиннеснинг Рекордлар китобига киритилди.

Бундан ташқари, GE ва «Ўзбекэнерго» Ўзбекистоннинг янги кўмирли энергоблоклари учун буғ кучи генерациясида юқори самарадорликка эга технологияларни қўллаш истиқболларини таҳлил қилувчи ишчи гуруҳ шакллантиришга келишиб олди. Компания вакилининг қайд этишича, GE технологияларидан фойдаланиш кўмирни янада самарали ёқиш ҳамда атмосферага газларни чиқаришнинг халқаро талабларига риоя этиш ҳисобига энергоблоклар операцион кўрсаткичларини ошириши мумкин.

GE Тошкент ИЭСда қуввати 370 МВт бўлган буғ-газ блоки учун ускуналарни етказиб берувчи асосий ҳамкорлардан бири. Айни пайтда GE компанияси Hyundai Engineering билан биргаликда Тахиатош ИЭСда қуввати 230−280 МВт бўлган иккита буғ-газ блоки қурилишида иштирок этмоқда.