Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида иштирок этади

17.05.2018 | Ўзбекистон | 2261

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев бошчилигидаги делегация 18 май куни Истанбул шаҳрида бўлиб ўтадиган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида иштирок этади. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Ғазо минтақасидаги сўнгги воқеалар муносабати билан Туркия ИҲТнинг навбатдан ташқари саммитини чақирди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Туркиянинг фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен билан учрашув бўлиб ўтди.

"Истанбул шаҳрида бўлиб ўтадиган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев бошчилигидаги делегация иштирок этиши элчига расман маълум қилинди", — дейилади хабарда.

Душанба куни Ғазо минтақасида АҚШ элчихонасининг Тель-Авивдан Қуддусга кўчирилишига қарши норозилик намойишлари бошланди. Исроил ҳарбийларининг намойишчиларга қарши ўқ узишлари оқибатида 61 фаластинлик ҳалок бўлди. Фаластин ва Туркияда мотам эълон қилинди.