Тошкентда дарахтлар ҳимояси кучайтирилади

18.05.2018 | Ўзбекистон | 2320

Тошкент ҳокимияти Ўзбекистон пойтахтида дарахтлар ҳимояси ва уларнинг ноқонуний кесилишига барҳам бериш тўғрисидаги қарор лойиҳасини тайёрлади. Ҳужжат муҳокамаси 30 майгача давом этади.

Лойиҳада ҳокимият Ободонлаштириш бош бошқармаси тузилмасида Дарахтлар ва кўп йиллик ўсимликларни ҳимоя қилиш бошқармасини ташкил этиш кўзда тутилган.

Дарахтларни кесиш ва агротехник қоидаларга риоя этишнинг ягона тартибини жорий этиш мақсадида Ўсимликлар кимёси институти ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда Кўп йиллик ўсимликларга агротехник ишлов бериш қоидаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, Дарахтларга ва кўп йиллик ўсимликларга зараркунандаларга қарши кимёвий ишлов бериш қоидалари қабул қилинади.

Ер участкаларини ажратиш тўғрисидаги ҳужжатларни кўриб чиқишда шаҳар Архитектура бош бошқармаси хулосасида ажратилувчи участкада дарахт ва ўсимликларнинг аниқ сони, уларнинг ўлчовлари, турлари ва бошқа маълумотлар кўрсатилади.

1 сентябрдан шундай тартиб жорий этиладики, унга кўра дарахтларни кесиш ва тартибга келтириш Биоинспекция рухсати асосида фақатгина ободонлаштириш бошқармаси томонидан амалга оширилади.

Дарахтларни кесишга рухсатномаларни Тошкент ҳокимияти сайтида эълон қилиш режалаштирилмоқда. Маҳалла фуқаролар йиғинлари ва профилактика инспекторлари ўтказиладиган ишлар ва рухсатнома борлиги ҳақида огоҳлантирилиши лозим.

Дарахтларни кесишга рухсатнома беришда «ҳар бир дарахт ўрнига ўн дарахт» тамойилини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бунда қурилиш ёки бошқа мақсадларда ер участкалари ажратилаётганда кесилаётган дарахтлар ўрнига манзарали дарахт кўчатларини ўтказиш мажбурияти юкланади.