Бекободдаги мактабнинг барча раҳбарлари ва икки ўқитувчиси ишдан бўшатилди

19.05.2018 | Жамият | 2817

Тошкент вилояти Бекобод шаҳар прокуратураси Бекобод шаҳридаги 5-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган тергов олди текширув ишлари ҳақида маълумот берди.

Маълум бўлишича, 2018 йил 3 май куни Тошкент вилояти Бекобод шаҳридаги 5-сонли умумтаълим мактабининг бошланғич таълим ўқитувчиси М.Ҳамдамова шу мактабдаги 1-"ж" синфининг тўрт нафар ўқувчисини уй вазифасини тайёрлаб келмаганликда айблаб, жазо сифатида синфдаги барча ўқувчиларнинг кўз ўнгида "икки" баҳони ручкада уларнинг пешонасига ёзиб қўйган.

Ушбу воқеадан хабар топган мазкур мактабнинг яна бир ўқитувчиси С.Раҳмонова касбдоши М.Ҳамдамовага нисбатан бўлган эски адовати сабабли эртаси куни ўша ўқувчиларни ўз ҳузурига чақириб, уларнинг пешоналарига "икки" рақамини қайтадан ёзади ва шу кўринишларида уларни уяли телефон ёрдамида суратга олади. Олинган суратни эса интернетдаги тармоқларга касбдоши М.Ҳамдамова номидан жойлаштирган.

Хабар қилинишича, ўқувчиларини хўрлаб, ҳуқуқини поймол қилган ўқитувчилар С.Раҳмонова ва М.Ҳамдамовалар таълим ходими, деган номга нолойиқ деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилигидаги тегишли моддаларга мувофиқ ишдан бўшатилдилар.

Таълим ходимларининг шундай қабиҳ ишларни қилишларига замин яратиб берган мактаб директори Д.Бабамуратова ҳамда беш нафар директор ўринбосарлари ҳам ўз лавозимларидан озод этилдилар.

Таълим-тарбия ишларидаги йўл қўйилган камчиликлари учун Бекобод шаҳар халқ таълими мудири М.Қўзибоевга эса интизомий жазо чораси сифатида "Ҳайфсан" эълон қилинди.

Ўтказилган текширув ишлари натижасида шунингдек, мактаб учун давлат томонидан ажратилган 21 млн сўм миқдоридаги пул мазкур таълим масканининг раҳбарлари томонидан талон-торож қилинганлиги ҳам аниқланди.

Ушбу ҳолат юзасидан Бекобод шаҳар прокуратураси Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига биноан жиноят иши қўзғатди, дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда.