Наманган вилоятидаги қишлоқларни сув босди

19.05.2018 | Ўзбекистон | 3360

18 май куни соат 17.30лар атрофида Наманган вилоятининг Косонсой туманидаги «Ровот», «Гузар», «Боғ», «Сойбуйи», «Хонқўрган», «Янгишаҳар», «Янгийул», «Қозоқовул» ва «Булоқбоши» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида кучли ёғингарчилик оқибатида 543 ҳовлини сув босди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.

Кучли жаладан кўп миқдорда сув йиғилиши оқибатида ирригация тизимлари чорасиз қолган ва натижада пастликларда жойлашган аҳоли масканларида сув тўплпнган. Ижтимоий аҳамиятга эга объектлар зарар кўрмаган. Сув босган ҳудудлардаги одамларни эвакуация қилишга ҳожат бўлмаган.

Косонсой тумани ҳокимлигида ҳоким бошқарувида тезкор штаб тузилиб, ҳодиса оқибатларини бартараф этиш юзасидан жами 42 дона техника ва 240 нафар киши жалб этилган.

Қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ.

Эслатиб ўтамиз, кеча Сурхондарё вилоятининг Элобод, Азларсой ва Боғор маҳаллалари ҳудуди кучли ёмғир оқибатида сел остида қолгани хабар қилинганди.