Мирзиёев Давлат хавфсизлик хизмати ҳақида: «Улар ухлаганларингда туш кўрганларингни билмаслиги мумкин, бошқа ҳамма нарсани билади»

19.05.2018 | Ўзбекистон | 9628

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти Улуғнор туманида 19 май куни ўтказилган фаоллар йиғилишида Давлат хавфсизлик хизмати ҳақида илиқ фикрларни билдириб ўтди. Бу ҳақда, ўз мухбирига асосланиб, «Xabar.uz» портали хабар бермоқда. Айни вақтда, йиғилишда Президент томонидан айтилган бу сўзларнинг аудиоси Telegram’да тарқалиб кетган.

«Миллий хавфсизлик хизматининг, ҳозирги Давлат хавфсизлик хизматининг обрўйини жуда кўтараман. Уларнинг катталари ичида 20 фоизи ўғри бўлган. Буларнинг ичида садоқатли инсонлар жуда кўп. Ҳозир қўл қўйдим: буларга уй қураяпман, ойлигини кўтартираман.

Лекин бир нарсани билинглар: 100 фоиз вазиятни, ухлаганларингда туш кўрганларингни билмаслиги мумкин, бошқа ҳамма нарсани билади. Шунинг учун ҳам кечаги бошқа давлатлар билан шартномаларда шундай ускуналар олиб келаяпмиз. Бошқа иложимиз йўқ. Бизга хиёнатчилар керак эмас. Биз жуда кўп азоб-уқубатни бошимиздан ўтказган одаммиз. Андижон иккинчи марта синов, балога чидай олмайди. Одамлар норози бўлади. Уларнинг ичида ҳалол, покиза одамлар кўп. Тепадагиларни худо урган эди. Порахўр эди. Қип-қизил. Мен бу гапларни айтаяпман: негаки, мендан бошқа одам бу гапларнинг тагини билмайди», деди давлат раҳбари.