Шавкат Мирзиёев: Мени алдай олмайсиз

20.05.2018 | Ўзбекистон | 4008

Андижон вилоятининг Улуғнор туманида 19 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди. «Kun.uz»нинг ўз мухбирига асосланиб хабар беришича, йиғилиш давомида Президент ишсизлик ва ўзини қийнаётган ташвиш ҳақида гапириб ўтган.

Бизни халқ синаяпти, жуда қаттиқ синаяпти. Қачонгача етиб борар экан, қайси марра, қачон булар эски тос, эски ҳаммом бўлишига ўтади, деган халқимизда ҳали қўрқув борлиги — ҳақиқат.

Мени ҳеч ким алдай олмайди, минг мақтаганингиз, баландпарвоз гап айтганингиз билан мен ишонмайман. Мен пастда юрган одамман. Шунинг учун биринчи қадам қўяётганимиз — одамларни ишонтириш, адолатли меҳнат қилиш. Бу жуда катта, юксак ишонч. Бунга муносиб бўла оламизми — бу менинг энг катта ташвишим.

Мана шундай улуғ айём кунларда халқимиз озгина биздан рози бўлади. Халқимизни қийнаётган нарса — иш жойи йўқ, эртанги кунига ишончи йўқ. Мен маъруза қилишга келганим йўқ. Мен сизларнинг юзингизга қараб, ҳақиқий аҳволни билиш учун келдим. Мана шуни унутмайлик. Бир нарсани билиб олайлик — халқни бундан кейин алдаб бўлмайди.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти

«Kun.uz»нинг ўз мухбирига асосланиб қўшимча қилишича, Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқи давомида хорижда ишлаётган меҳнат муҳожирлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.

Улар бекорга четда юргани йўқ. Уларга иш жойини ташкил қилиб беролмаганимиз учун четларда юрибди. Ҳамма бало ҳам шундан келади.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти

Мавзуга доир: Шавкат Мирзиёев: Андижонда бу йил 25 мингта ишчи ўрни яратиш режаси кам. Чунки ишсизлар сони бундан кўп

Аввалроқ Президент матбуот хизмати Андижон вилоятида 2018 йилда 25 мингта эмас, балки 50 мингта янги иш ўрни яратилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берган эди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёевдан иқтибос келтирилгани ҳолда, аҳолининг яхши яшашга бўлган интилиши кучайиб бораётгани билдирилган эди.