Рамазон эслатмаси: рўзам комил бўлсин десангиз...

21.05.2018 | Блог | 3146

Лақийт ибн Собрата розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга таҳоратдан хабар беринг», дедим. «Таҳоратни яхшилаб қил. Панжаларинг орасини таҳлил қил (сув етказ) ва бурунга сув олишда муболаға қил, фақат рўзадор бўлсанг, бундан мустасно», дедилар» (“Сунан” эгалари ривоят қилишган).

Шарҳ: Ушбу ривоятда рўзадор киши муболаға билан бурнига сув олиб чайқамаслиги кераклиги баён қилинмоқда. Оғизга сув олиб чайқаш ҳам худди шунга ўхшашдир. Чунки икки ҳолатда ҳам инсоннинг ичига сув кетиб қолиб, рўзасига путур етиши мумкин. Рўзадор инсон доимо бунга ўхшаш ишлардан сақланиши лозим.

Рўзадорга ман қилинган нарсалар ҳақидаги ҳадисларни ўрганиб чиққан фақиҳларимиз уларнинг рўзани бузувчи ва рўзадорга макруҳ бўлса ҳам рўзасини бузмайдиган қисмларга бўлинишини таъкидлаганлар.

Рўзани бузадиган ва фақат қазо тутишни вожиб қилиб, каффоротни вожиб қилмайдиган нарсалар:

1. Ғизо ва ғизо маъносида бўлмаган нарсани тановул қилиш. Бунда одатда ғизо саналмайдиган ва инсон кўнгли емоққа мойил бўлмайдиган нарсалар кўзда тутилган. Мисол учун, рўзадорнинг хом гуруч, хамир, бирор нарса аралаштирилмаган ун каби нарсаларни ейиши. 

2. Бирданига кўп тузни еб юборса ҳам рўзаси очилиб, унинг қазосини тутиб беради.

3. Пишмаган мевани еса ҳам.

4. Тишлари орасида қолган нўхатдан катта нарсани еса ҳам.

5. Данак, пахта, қоғоз, тери еса ҳам.

6. Тош, темир парчаси, тупроқ, тангага ўхшаш нарсаларни ютиб юборса ҳам.

7. Ўз амали билан ичига тутун киргизса ҳам.

8. Орқасидан, бурнидан, томоғидан ва аёл кишининг олдидан ичига сув ёки дори киритилса ҳам.

9. Қулоғига мой томизса ҳам. Сув томизса, очилмайди.

10. Аёл кишининг олд аъзосидан қатра томизилса ҳам рўзасини қазо қилиб тутмоғи лозим бўлади. Эркак кишининг олд аъзосидан қатра томизилганда бу гап йўқ.

11. Қасддан оғзи тўлиб қусса ҳам қазо тутади. Агар рўзалиги эсидан чиққан, оғзи тўлмай қусган, таом эмас, балғам қусган бўлса, рўзаси очилмайди.

12. Ғизо ва давони беморлик, сафар, мажбурлаш, хато, бепарволик ёки шубҳа каби шаръий узрлар ила тановул қилса, қазосини тутиб беради.

13. Оғзини чайиб турганда хато қилиб сув ичига кетиб қолса, рўзаси очилади ва қазо тутади.

14. Бошидаги ёки қорнидаги жароҳатга дори қўйганда ичига ёки димоғига кетиб қолса ҳам.

15. Биров ухлаб ётган одамнинг қорнига сув киритиб юборса ҳам.

16. Аёл киши хизматга ярамай қоламан деб таом еса ҳам.

17. Биров аввал эсида йўқ таом еган ёки жинсий яқинлик қилган бўлса, рўзаси очилмайди. Аммо ҳукмни билмай, бўлар иш бўлди, деб ке¬йин яна таом еса ёки жинсий яқинлик қилса, қазо рўза тутиб бериши лозим бўлади.

18. Биров кечаси рўза тутишни ният қилмади. Кундузи ният қилди. Кейин бу ниятим тўғри бўлмаса керак, деган шубҳа билан таом еб юборса, рўзаси очилади ва қазо тутиши вожиб бўлади.

19. Биров ҳали тонг отмаган бўлса керак, деб еб-ичди ёки жинсий яқинлик қилди. Кейин билса, тонг отиб бўлган экан. Рўзасининг қазосини тутади.

20. Биров қуёш ботган бўлса керак, деб еб-ичди ёки жинсий яқинлик қилди. Кейин билса, қуёш ботмаган экан. Рўзасининг қазосини тутади.

21. Биров таом еб ёки жинсий яқинлик қилиб турганда тонг отиб қолди. Дарҳол қилаётган ишини тўхтатса, рўзаси тўғри бўлаверади.

22. Шаҳватини тўлиқ бўлмаган ҳолда қондирса ҳам фақат қазо тутади.

23. Қучоқлаш, ўпиш ва шунга ўхшаш ишлар туфайли манийи тўкилса, қазо тутади.

24. Ухлаб ётган аёлга жинсий яқинлик қилинса, ўша аёл қазо тутади.

25. Аёл киши фаржига мой ёки шунга ўхшаш нарсаларни томизса ҳам.

26. Рўзадор одам орқасига сув ёки мой билан ҳўлланган панжасини киритса ҳам. 

27. Рўзадор одам орқасига пахта, латта ва шунга ўхшаш нарсаларни киритса ҳам.

28. Аёл киши ички фаржига сув ёки мой билан ҳўлланган панжасини ёки пахта, латта ва шунга ўхшаш нарсаларни киритса ҳам.

29. Рамазон рўзасидан бошқа рўзаларни очган бўлса, фақат қазо тутиш вожиб бўлади. Каффорот вожиб бўлмайди.