Туркия президентлигига номзод: ғолиб бўлсам, НАТОдан чиқамиз

21.05.2018 | Жаҳон | 3363

Туркия президентлигига номзод, "Ватан" партияси етакчиси Доғу Перинчекк РИА Новости нашрига берган интервьюсида агар у юқори давлат амалига сайланган тақдирда, мамлакат НАТОдан чиқишини маълум қилди.

"Туркия НАТО аъзоси бўлгани билан, бу ташкилот Туркия юзида душманни кўрмоқда. Яқинда альянс машғулотлар ўтказди ва у ерда (Туркия Республикаси асосчиси Мустафо Камол) Отатурк ва Туркиянинг амалдаги президенти жанговар нишон этиб кўрсатилди. АҚШ террорчи қурд гуруҳларига ёрдам бериб келади, уларни қурол билан таъминлайди, шу боис ҳам Туркия ва АҚШ ҳозирда дўстона муносабатларда эмас. Биз ҳукуматга келганимизда, Туркия НАТОдан чиқади, америка самолётлари Инжирлик авиабазасидан уйига учиб кетади, базанинг ўзи эса тўлиқ турк ҳарбийлари назоратига ўтади, ва Туркияда америкаликлар қолмайди", — деб айтган Перинчек.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ, Исроил, Греция ва Кипр АҚШнинг олтинчи флоти иштирокида март ойида шарқий Ўрта ер денгизида Туркияга қарши қаратилган ҳарбий машғулотларни ўтказишди.

"Мен буни Туркияга қарши улкан хавф сифатида баҳолайман, ва шу боисдан Россия, Сурия, Эрон ва Ироқ билан дўстлигимиз устувор бўлиб кўринмоқда… АҚШ Эронга ядро келишувидан чиқиш билан таҳдид қилишни бошлади ва санкциялар билан қўрқитмоқда. Шундай ҳавотир борки, АҚШ Қуддус туфайли можарони авж олдиргач, Эронга киришади ва уни бомбардимон қилади", — деб айтган агентликка суҳбатдош.

Перинчекнинг фикрича, АҚШнинг Эрон номига ёғдираётган таҳдидлари кўпроқ Туркияга қаратилган. "Қўшма Штатларнинг асосий нишони айнан бизмиз. Нега Америка асабийлашмоқда? Туркия Америка назоратидан чиқиб, Евроосиё томон қадам ташлади, Россия ва Эрон билан ҳамкорликда ҳаракат қилмоқда, бу эса бутун бошли Яқин Шарқдаги кучлар тақсимотини ўзгартириб юборди, АҚШ устунлигини шубҳа остига қўйди. Шу боис ҳам улар Туркияни Эрон ва Россия иттифоқдошлигидан четлатиш учун таҳдидларни юзага келтиришга ҳаракат қилишмоқда", — деб айтган Туркия президентлигига номзод.

У шунингдек, АҚШ ўз мақсадига етолмаслигини, "чунки Туркия Атлантикага бурилмаслигини, унинг ҳақиқий жойи — Евроосиёда эканлигини қўшимча қилган.

Туркияда 24 июнда ўтказиладиган муддатдан илгариги сайловларда мамлакатнинг амалдаги президенти Тойиб Эрдўғондан ташқари, асосий мухолиф Халқ-республикачилар партиясидан Мухаррам Индже, Селахаттин Демирташ (қурдпараст Халқлар демократияси партияси), шунингдек, мустақил номзодлар Мераль Акшенер, Темель Карамоллаоғлу ва Доғу Перинчек номзодлари исм-шарифлари сайлов бюллетенларидан ўрин олади.