Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Шавкат Мирзиёевга мактуб: Чегарадаги чорасизлар (видео)
22.05.2018 12:01,  
38

Ассалому алайкум, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев!

Сизга ушбу очиқ хатни ёзишимдан мақсад – мен фуқароси бўлган Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги чегараларда содир бўлаётган кўнгилни ғаш қилувчи муаммолар туфайлидир.

Энг аввало, бутун халқ қўлини кўксига қўйган ҳолда, виждонан шуни тан олиб айтадики, икки давлат чегара пунктларидан ўтиб-қайтиш тартиблари токи Сиз Ўзбекистонга раҳбар бўлиб келгунга қадар жуда оғир ва мураккаб бир аҳволда эди. Баланд деворлар қурилиши, электр ва тиконли симлар тортилиши, чегара атрофини олти метрли чуқурликлар ва минали майдонлар билан ўраб олиш, гўёки бунинг ҳаммаси ер юзидаги жами ёвуз инсонларгина эмас, балки ёвуз руҳлар ҳам Ўзбекистонга қарши тиш қайраганмикан, деган таассурот қолдирарди кишида.

(Видеони кўриш учун ушбу ҳаволани босинг)

Ҳурматли Президент! Сиз иқтидорга келгандан бери қилаётган реформалар нафақат Ўзбекистон халқи, балки қўшни давлатлар фуқароларининг эътирофига бирдек сазовордир. Қилинган ва давом этаётган ислоҳотларингиз натижасида икки давлат ўртасидаги чегараларнинг очилиши ҳар икки халқнинг қардошлик ришталари қайтадан боғланиб, оддий аҳолининг чексиз қувончига сабаб бўлди. Ёшу қарининг қўллари ҳақингизга дуода. Албатта, тан оламизки, ҳар бир ишни тубдан ислоҳ қилиш осон кечмайди. Муҳтарам Президент, Сиз куну тун хорижий давлатлар билан алоқани мустаҳкамлаш учун тер тўкаётган бир пайтда, чегара пунктларида масъул бўлган ходимлар ўз касбига ноинсонийлик руҳида, совуқ ёндашаётгани – Сизнинг ислоҳотларингизга қарши бир ҳис кайфиятида эканлигидан дарак беради. Бугунги кунда бу нарса оддий халқ нигоҳида очиқ-ойдиндир. Чегараларда сунъий навбатлар юзага келтирилиши, чегара ходимларининг қарияларга, ҳомиладор аёлларга ва ёш болаларга қўпол, камситувчи муносабатларда бўлиши, нормал бир инсоннинг сабр-тоқати етмайдиган даражада куттириши-ю, уларни қишда совуқдан, ёзда иссиқдан азобланишлари, гўёки, Иккинчи Жаҳон уруши даврида фашистларнинг ота-боболаримизга қўллаган жазоларини тасаввур қилдиради.

Албатта, ушбу очиқ хатда барча муаммоларни санаб ўтмоқчи эмасман, чунки ўрганиб кўриб, ушбу ҳолат юзасидан ўзингиз батафсил хабардор бўлишингиз мумкин. Ҳозирда чегарада кунига тўрт мингдан ўн минггача аҳоли ўтади. Чегара ходимларининг эса "Огоҳлик – давр талаби" шиорини ниқоб қилиб, тушунарсиз хатти-ҳаракатлари билан оддий халққа керагидан ортиқ қийинчиликларни юзага келтираётгани ажабланарлидир. Бу ҳолатдан аҳолининг ҳозирги сиёсатга бўлган муносабатлари яна салбий тарафга ўзгариб, умидсизлик қуршовида қолмоқда. Шахсан ўзингиз таъкидлаганингиздек, халқни рози қилиш ҳукуматдагиларнинг энг бирламчи мақсади бўлиши керак. Ўйлайманки, ҳеч қайси замонда “Огоҳлик талаби” оддий халқнинг ва икки қардош давлатнинг муносабатлари совуқлашишига олиб бормаслиги лозим.

Ҳурматли Президент! Юқорида айтиб ўтдик, сизнинг катта ислоҳотларингиздан икки халқ рози ва манфаатдордир. Фақат яна бир бор сиздан илтимосимиз шундан иборатки, Қирғизистон ва Ўзбекистон чегараларида сиз бошлаган ислоҳотларингизга тўсиқ бўлувчи ҳолатларни ўзингиз бартараф этсангиз! Бу каби муаммоларга сўнгги нуқта сиз тарафдан қўйилса-ю, тарихга муҳрланса! Шояд, икки халқ ҳақингизга қилаётган дуоларида бардавом бўлиб, Сиздан янада улуғвор, буюк ишларни кутиб яшаса. Бошлаган ислоҳотларингизга Яратгандан мадад сўраган ҳолда, Сизга узоқ умр ва саломатлик тилаб қоламиз. Ҳурмат ва юксак эҳтиром ила,

Қирғизистон Республикаси фуқароси Жавлон Анваров

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан