Прокуратура Тошкент вилоятида қишлоқ хўжалигидаги қонун бузилишларини аниқлади

22.05.2018 | Ўзбекистон | 2727

Тошкент вилояти прокуратураси уч нафар фермерга нисбатан жиноят иши қўзғатди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Қуйичирчиқ туманида фаолият юритувчи “Умархон Юсуф агро люкс” фермер хўжалиги раҳбари Х.Сайдуллаев пахта етиштириш режалаштирилиб, чигит экилган 6,5 гектар ер майдонини бошқа экинлар экиш мақсадида ўзбошимчалик билан бузиб ташлаган.

“Рустам И” чорвачилик фермер хўжалиги раҳбари Р.Шарапов чорва молларига озуқа экишга ажратилган 23 гектар ер майдонини фуқароларни алдаб, жами 39 млн сўмга сотганлиги аниқланган.

“Маҳкам Агро файз” фермер хўжалиги раҳбари М.Ибрагимов пахта экишга ажратилган 9 гектар ер майдонини Р.Боқиевга ушбу ер сабзавот ҳамда дуккакли экинлар экиш учун мўлжалланган ерлигига уни ишонтириб, 9 млн. сўмга сотган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Қуйичирчиқ туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари банди билан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.