Ўзбекистонда янги ўқув йилидан олий таълим тизимида онлайн таълим йўлга қўйилади

24.05.2018 | Илм-фан | 2581

Ўзбекистонда янги ўқув йилидан бошлаб олий таълим тизимида дарслар масофадан туриб онлайн тарзда ўқитилади.

Таълимнинг бу кўриниши 15 та олий ўқув юртидаги 8 та йўналиш бўйича махсус сиртқи бўлимларда жорий этилади. Эндиликда жорий этилган онлайн ўқитиш платформаси ёрдамида сиртқи таълим талабалари, масофадан туриб, ўз иш жойидан ажралмаган ҳолда таълим олиш имкониятига эга бўлади.

“Онлайн ўқитиш платформаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Таълим муассасаларида электрон таълимни жорий этиш маркази томонидан жорий этилди. Бугунги кунда махсус сиртқи таълимнинг 144 та дарслиги таянч олий таълим муассасаси билан биргаликда масофавий ўқитиш формати асосида ишлаб чиқиш йўлга қўйилди. Масофавий таълимни амалга оширишнинг навбатдаги босқичида олий таълимнинг сиртқи ва кечки таълим учун масофавий ўқитишни йўлга қўйиш режалаштирилган. Сиртқи ва кечки таълим дарсликлари ҳам босқичма-босқич онлайн ўқитиш тизимига ўтказилиб борилади”, — дейилади вазирлик ахборот хизмати хабарида.

Хабарда айтилишича, онлайн ўқитиш курсини ташкил қилиш учун мўлжалланган платформада барча зарурий элементлар яратилган. Хусусан, маъруза, видеодарс, тест, топшириқ, чат, форум, сўровнома, глоссарий, тескари алоқа ва вебинар шулар жумласидандир. Шунингдек, фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида платформанинг ижтимоий тармоқлар билан интеграцияси амалга оширилди.

Хабарда қайд этилишича, олий таълим тизимига масофавий таълимнинг жорий қилиниши давлат учун ҳам, талаба учун ҳам таълим харажатларини қисқартиришга ёрдам беради. Бу эса ўз навбатида, қабул квоталари ошишига хизмат қилади. Шунингдек, талабаларнинг иш жойидан ажралмаган ҳолда таълим олишлари ўзаро икки фаолият — таълим ва меҳнат фаолиятларининг уйғунлашувини таъминлашда ҳам аҳамиятли ҳисобланади.