Рамазон ойида исрофни бартараф қилишда ёрдам берувчи 5 та маслаҳат

27.05.2018 | Блог | 2602

Рамазон ойида озиқ-овқат маҳсулотларини исроф қилиш олдини олишда ёрдам берувчи маслаҳатлар билан бўлишамиз.

  1. Ошхона ва музлатгичингизни яхшилаб тозаланг.

Умуман, тозалаш ва тартиблаш ишлари қайси вақт бўлишидан қатъи назар муҳимдир. Атрофингиз пала-партиш бўлиб турган бир пайтда ибодатларда фикрни жамлаш анча мушкул. Айниқса, рўзадор ҳолингизда. Шунинг учун тозалик ишларини ҳозирдан бошланг.

  1. Ошхонангиздаги маҳсулотларни бир ерга жамланг.

Музлатгич ва ошхонани тозалаб бўлгач, барча бир хил бўлган маҳсулотларни бир жойга тўпланг. Беш хил турдаги туз, ўзингизнинг ҳам аллақачон эсингиздан чиқиб бўлган, лекин ҳар сафар харид варақангизга қўшиб борадиган, уч хил идишда қуритилган кўкатларингиз борлигини кўрасиз. Ишонаверинг, бир «ерга жамлаш усули» кармонингизга анча фойда келтиради.

  1. Овқатлар рўйхатини мўлжаллаб қўйинг.

Иложи бўлса Рамазон ойи киргунча рўйхатни тайёрланг. Авваллари ҳам бу каби меню тузган бўлсангиз, тез ва оила аъзоларингизга хуш келган таомлардан саралаб қўйишингиз мумкин. Рўза вақтида, ифторликка яқин, очлик ўзини билдираётган пайтда тузиб қўйган менюингиз нақадар қўл келганига ўзингиз ҳам тан бериб юборасиз.

  1. Рўзадор ҳолингизда харид қилгани борманг.

Тез бузилмайдиган ва узоқ сақланадиган маҳсулотларни олдиндан олиб қўйинг. Ҳозирги кунда онлайн дўконлар  мавжуд бўлиб, кундалик рўзғор маҳсулотларини ҳам харид қилишингиз мумкин.

  1. Бир кун олдинги таомни ташлаб юборманг.

Қолган овқатингиз бўлса, ташлаб юбормасдан, кейинги саҳарлик ёки ифторлик вақтида қўшиб истеъмол қилинг. Исроф қилишдан сақланинг.