Нукусдаги бўрон вақтида ҳаводаги чанг миқдори меъёрдагидан 5,9 баробар кўп бўлган

29.05.2018 | Ўзбекистон | 2569

Орол денгизи атрофидаги ҳудудларда юз берган бўрон вақтида ҳаводаги чанг миқдори меъёрдагидан бир неча баробар кўп бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон Гидрометеорология маркази маълум қилди.

Якшанба куни Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида чанг бўрони содир бўлди, шамол тезлиги сониясига 25-27 метрга етди. Кун бўйи эсган кучли шамол оқибатида ҳавога чанг ва Орол денгизидаги туз чанглари кўтарилди.

Нукус шаҳридаги кузатиш майдонидаги ўрганишлар ҳаводаги чангнинг миқдори меъёрдагидан 5,9  марта кўп эканлигини кўрсатди.

Синоптикларнинг маълумот беришларича, ушбу ҳудудда 25 апрелдан буён ёғингарчилик бўлмаган. Кучли шамол кўп миқдордаги чанг, хусусан, қуриган Орол денгизи тубидаги туз чангларини ҳавога кўтарган.