Россия Apple ширкатидан Telegram тармоғини блоклашда кўмаклашишни сўради

29.05.2018 | Технологиялар | 2469

Роскомнадзор АҚШнинг Apple ширкатидан Telegram тармоғини Россия ҳудудида блоклашда кўмаклашишни сўради. 28 май куни Роскомнадзор матбуот хизмати ширкатга Apple мосламаларининг Россиядаги фойдаланувчиларига Telegram иловасига келиб тушган янги мактублар ҳақида хабар бермасликни сўраб мактуб юборган. Шунингдек, Роскомнадзор иловани Россияда кўчириб бўлмайдиган қилишни сўраган.

Telegram тармоғи Россияда 16 апрелдан буён Роскомнадзор сўровига мувофиқ чиқарилган суд ҳукми билан тўсиб қўйилган.

Бунга мессенжер асосчиси Павел Дуровнинг фойдаланувчиларга тегишли бўлган шахсий маълумотларни Федерал хавфсизлик хизматига бериш талабини рад қилгани сабаб бўлган.

28 май куни ТАСС ахборот агентлиги Роскомнадзор ширкати Google билан ҳам тармоқни блоклаш масаласида ҳамкорлик қилаётганини хабар қилди.

Агентлик хабарига кўра, Роскомнадзор директори Александр Жаров Apple ширкатига жавоб бериш учун бир ой муддат берилганини айтган. Директор Apple Роскомнадзор илтимосини бажармайдиган бўлса, ширкатга қарши бирор чора кўриш эҳтимолини очиқлашдан бош тортган.

Telegram Россияда тўсилганидан бери мамлакат бўйлаб унинг ҳимоясига бир неча акция ўтказилди.