Йирик машмаша ортидан Туркманистонда ҳожатхоналарда газетадан фойдаланиш тақиқланди

30.05.2018 | Жаҳон | 3525

Туркманистонда полиция турар жой биноларида рейдлар ўтказмоқда. Участка инспекторлари ва куч ишлатиш салоҳиятига эга идораларнинг ходимлари президент сурати туширилган газеталарни топиш мақсадида ҳожатхоналарни текширмоқда. Кимнинг уйидаги ҳожатхоналардан Гурбангули Бердимуҳамедов сурати акс этган газета топилса, ишдан бўшатиш ва маъмурий жавобгарликка тортилишлари борасида пўписа қилинмоқда, деб хабар беради “Настоящее время”.

Президент сурати акс этган газеталардан ҳожатхона қоғози сифатида фойдаланилаётгани билан боғлиқ муаммолар ҳақида илк бор март ойида айтилган эди. Ўшанда мактаб ҳожатхонасидан президент сурати бўлган газета топилганидан сўнг мактаблардан бирининг директори “ўзига топширилган вазифаларни бажара олмаганлик” айби билан мансабидан бўшатилган эди. Шундан сўнг текширувлар оммавий тарзда ўтказила бошланди. Минтақа расмийлари изоҳлардан воз кечишмоқда.

Президентнинг ифлосланган суратларини турар жой мавзеларидаги чиқиндихоналардан излаш борасида участка инспекторларига ҳам топшириқ берилди. Ҳар бир чиқиндихонага махсус назоратчилар бириктирилди, улар чиқиндиларни текширишлари, газеталардан ифлосланган суратни қидиришлари, агарда шундай газеталар топилса, газета чиққан уй ва хонадонни аниқлаб тегишли идораларга хабар беришлари керак бўлади.

Туркманистонда мунтазам равишда 62 нашр босмадан чиқади. Улар орасида мустақил нашрлар йўқ — уларнинг ҳаммаси президент ва унинг маъмурияти билан боғлиқ. Ҳар бир газета ёки журнал биринчи саҳифасида давлат раҳбарининг суратини босишга мажбур. Газеталарнинг ҳар бир сонида президентнинг камида иккита сурати босилади, байрам кунлари эса Гурбангули Бердимуҳамедовнинг сиймоси ҳар бир саҳифада кўриниши керак. Бу нашрларга обуна — ихтиёрий-мажбурий.

Ҳар бир нашр учун обуна бир йилга ўртача 60 манатни ташкил қилади, бу расмий курс бўйича 18 долларни, қора бозор курси бўйича – 3 долларни ташкил қилади. Мамлакатда ўртача даромад – 800-900 манат бўлиб, яъни битта нашр учун обуна битта ойлик маошнинг камида 10% ташкил қилади. Бироқ бу пулга оддий ҳожатхона қоғозини харид қилиб бўлмайди. Бу маҳсулот фақат Ашхободда сотилади ва битта рулони – 5-6 манат туради, шу тариқа ҳожатхона қоғози ҳашамат жиҳозига айланган.