Путин ва Трамп учрашувига тайёргарлик кўрилаётгани маълум бўлди

02.06.2018 | Жаҳон | 2621

Оқ уй АҚШ президенти Дональд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин ўртасида учрашув ўтказиш бўйича дастлабки музокараларни олиб бормоқда. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб Wall Street Journal газетаси хабар қилди.

Трамп маъмуриятининг ўз номини ошкор қилишни истамаган вакилининг айтишича, АҚШнинг Россиядаги элчиси Жон Хантсман мазкур учрашувни ташкил этишда ёрдам бериш учун ҳозирда АҚШда бўлиб турибди.

Эҳтимолий учрашувга тайёргарлик ҳозирда илк босқичда. Учрашув ўтадиган жой ва муддати ҳозирча белгиланмаган, деб ёзади нашр.

"Путин ва Трампнинг расмий учрашувини ташкил этиш — элчи Хантсманнинг лойиҳаси бўлиб, лойиҳа бир неча ойдан буён давом этмоқда", — деди газетанинг манбаларидан бири.

Аввалроқ Россия етакчисининг ёрдамчиси Юрий Ушаков Россия ва АҚШ президентлари учрашуви масаласи G20нинг ноябрдаги саммитига қадар кўриб чиқилмаётганлигини маълум қилганди.