Ўзбекистондан 1,5 миллиард долларлик мева ва сабзавотлар экспорт қилинади

04.06.2018 | Иқтисод | 2492

Ўзбекистон йил якунига қадар 1,5 миллиард долларлик мева ва сабзавотлар экспорт қилишни режалаштирди, деб хабар қилди “Ўзагроэкспорт” ташқи савдо компанияси бош директори Султон Назаров.

Назаровнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон май ойида мева ва сабзавотларни экспорт қилишда юқори кўрсаткичларга эришди – хорижга 120 минг тонна умумий қиймати 150 миллион долларлик мева ва сабзавотлар экспорт қилинди.

“Қозоғистон ва Россия бизнинг асосий бозорларимиз бўлди. Келгусида Осиё мамлакатларига, масалан, Хитой, Индонезия, Малайзия ва Жанубий Кореяга экспорт қилишни режалаштирмоқдамиз. Яқинда Хитой билан 10 минг тонна ва Жанубий Корея билан 5 минг тонна гилос етказиб бериш бўйича шартнома имзоладик”, - дея ўз фикрини билдирди Назаров.  

Компания мутахассисларига кўра, 2018 йил давомида экспорт қилинадиган мева ва сабзавотларнинг 60 % Россияга жўнатилади. Бу Россиянинг "Магнит", X5 Retail Group, "Меридиан", "Холидей" ва бошқалар билан тўғридан-тўғри шартномалар, шунингдек Қозоғистондан реэкспорт орқали етказиб берилади.

Экспортни кўпайтиришнинг яна бир йўналиши бу – мева ва сабзавотларни ягона UzAgro бренди асосида етказиб беришдир. Тажриба тариқасида Россия ва Дубайга шу бренд остида маҳсулотларни экспорт қилинди.

“Бу бренд маҳсулотларни сифати ва хавфсизлигига ягона ёндошувларни шакллантиришга имкон беради. Буни кенг тарғиб қилиш учун биринчи навбатда жойларда сифатни назорат қилишни йўлга қўйиш зарур. Бу билан ҳозир шуғулланмоқдамиз. Келгуси йилда биз тўлиқ ягона UzAgro бренди остида етказиб беришга ўтишни режалаштирмоқдамиз”, - деб таъкидлади Назаров.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2018 йил январ-апрелда хорижга 115,9 миллион долларлик мева сабзавотларни экспорт қилди (ўсиш 41,8 фоиз). Шулардан мевалар – 17,3 фоиз, сабзавотлар – 65,6 фоиз ва узум – 13 фоизни ташкил қилди.

Мева ва сабзавотларни экспорт қилишда асосий шериклар – Қозоғистон (35,4 фоиз), Россия (13,3 фоиз), Афғонистон (12,5 фоиз), Вьетнам (6,7 фоиз), Хитой (5,9 фоиз), Туркия (5,2 фоиз), Қирғизистон (2,5 фоиз), Покистон (2,3 фоиз), Эрон (2 фоиз) бўлди.