Энди барча автомактаблар очиш ҳуқуқига эга бўлди

06.06.2018 | Ўзбекистон | 2918

2018 йил 31 майда Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги 408-сонли қарори имзоланди, деб хабар беради ЎзА.

Мазкур қарорга мувофиқ, ташкилий ҳуқуқий шаклидан қатъий назар, барча юридик шахслар, лицензия асосида ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш фаолияти билан шуғулланиши мумкин.

Ўз навбатида, мазкур қарор билан барчага тенг ҳамда шаффоф талаблар қўйилди.

Олдин, мазкур фаолият билан «Ватанпарвар» нодавлат нотижорат ташкилоти, «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик компанияси, «Транскасб» уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Автомотоҳаваскорлар кўнгилли жамияти ҳамда «Avtotest Report» МЧЖ шуғулланиши белгилаб қўйилган эди.

Энди, амалдаги автомактаблар жорий йилнинг 1 августига қадар лицензия талабларига мослашиши ҳамда лицензия олиши белгилаб қўйилди.

Ундан ташқари, мазкур соҳа бўйича мавжуд бўлмаган, ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган ягона давлат талаблари ҳам тасдиқланди.

Мазкур Ҳукумат қарори, «Ватанпарвар» нодавлат нотижорат ташкилоти, «Транскасб» уюшмаси ҳамда норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамаси давлат электрон портали қатнашчилари томонидан берилган таклифлар асосида ишлаб чиқилди.

«Демак, тадбиркорлик яна бир йўналиши бугунги кунда очилди ҳамда мазкур йўналишдаги иштирокчиларининг кўпайиши натижасида рақобат кучайиши ва хизматларнинг сифати ошишига олиб келади», — дейилади хабарда.