Ўзбекистонда талабанинг ўзлаштиришига қараб профессор-ўқитувчиларга баҳо берилади

06.06.2018 | Илм-фан | 2766

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан "талабанинг ўзлаштириш даражаси — профессор-ўқитувчилар фаолиятини баҳолашнинг асосий мезони" тамойили жорий қилинади.

Бу Ўзбекистон президентининг "Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида белгиланган.

Қарорга мувофиқ 2019 йил 1 мартгача "талабанинг ўзлаштириш даражаси — профессор-ўқитувчилар фаолиятини баҳолашнинг асосий мезони" тамойилнинг жорий этиш бўйича аниқ механизмларини белгилаш вазифаси топширилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, ушбу тамойил талабларига жавоб бермайдиган профессор-ўқитувчилар билан меҳнат шартномасини бекор қилишгача бўлган чоралар кўрилади.

Шунингдек, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг вақтини ўқув жараёнига хос бўлмаган ишларга сарфлашнинг олдини олиш ҳамда уларни талабалар билан кўпроқ ишлашга йўналтириш, шу жумладан, "устоз — шогирд" тизимини жорий этиш мақсадида ўқув юкламаларини ҳисобга олган ҳолда профессор-ўқитувчилар "вақт меъёрлари"нинг янги механизмларини ишлаб чиқилади.