Агробанкнинг Туман, Вилоят, Республика ходимлари пора билан ушланди

07.06.2018 | Жамият | 8826

Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси ва Департамент томонидан ўтказилган тадбирда Агробанкнинг бир неча нафар ходимлари “пора” билан қўлга олинди.

Агробанкнинг Фарғона вилояти бошқармаси Сўх бўлими ходими Шоҳид Халимов тадбиркорга кредит олиб бериш эвазига бир ярим минг АҚШ долларини пора сифатида талаб қилади. 500 миллион кредит олиб бериш эвазига пора талаб қилган банк ходими минг АҚШ долларини олаётган вақтида қўлга олинган.

Суриштирув давомида Шоҳид Халимов ўз айбига иқрор бўлиб, ушбу пулларни Кичик бизнес ва тадбиркорларга кредит ажратиш бўлими бошлиғи Содиқ Қўлдошевга бериши кераклиги борасида кўрсатма берган.

Содиқ Қўлдошев ҳам пора олаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида тузилган тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинган.

Содиқ Қўлдошевнинг таъкидлашича эса у олган ушбу пулларини Агробанк Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳамидулла Мамадалиевга етказиб бериши керак бўлган. Тадбир давомида бошқарма бошлиғи ўринбосари қўлга олингани билан порахўрлик занжири давом этаверган. Сабаби, Ҳамидулла Мамадалиев ушбу пулларни Агробанк марказий аппарати Кичик бизнес ва тадбиркорларга кредит ажратиш бўлими бош мутахассиси Ойбек Юсуповга бериши керак бўлган.

Ҳамидулла Мамадалиев Ойбек Юсуповга телефон қилиб кредит учун берилиши керак бўлган пулларни такси ҳайдовчиси орқали бериб юбораётганини айтган. Фарғона-Тошкент йўналишида қатновчи ҳайдовчи пулларни Ойбек Юсуповга бераётган пайтда у ҳам ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

"Ўзбекистон 24" телеканалининг хабар беришича, ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига биноан жиноят иши қўзғатилган.