Халқ таълими вазирлиги дарсликлардаги камчиликларни тан олди

07.06.2018 | Ўзбекистон | 2589

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги умумий ўрта ва ўрта махсус таълим дарсликлари ва ўқув-методик мажмуаларини яратишда муаммолар ва камчиликлар мавжудлигини тан олди. Бу ҳақда 6 июнь куни Халқаро пресс-клубнинг янги ўқув йилига бағишланган йиғилиши якунлари бўйича пресс-релизида сўз боради.

Дарслик ва ўқув-методик мажмуаларда амалий ва назорат вазифаларга етарлича эътибор қаратилмаган, назариёт амалиётдан узоқ. Бу табиий ва аниқ фанлар бўйича билимларни етарлича ўзлаштирилмаслиги, эгалланган сабоқларни кундалик ҳаётда тўлақонли қўлланилмаслигига олиб келган, дея қайд этди мутахассислар.

Дарслик ва ўқув-услубий қўлланмаларни яратишга шрифт, кегль, сўзлар узунлиги ва сони, зичлик, қоғоз ранги каби техник талабларни халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

«Дарслик ва ўқув-услубий қўлланмаларни тайёрлашда нашриётлар ва босмахоналарда малакали мутахассислар, жумладан муҳаррирлар, таржимонлар, мусаҳҳиҳлар ва рассомларнинг етишмаслиги уларнинг имловий хатолар билан чоп этилишига олиб келмоқда, иллюстрация ва суратлар замонавий талабларга мос келмаган кўринишда нашр қилинмоқда», — дейилади хабарда.

Ҳозирда дарслик ва ўқув-услубий қўлланмаларни тайёрлашнинг янги тартиблари ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра, дарсликлар йил давомида нашриётлар томонидан ишлаб чиқилади, уларнинг экспертизаси эса амалиётчи ўқитувчилар томонидан ўтказилади. Уларнинг хулоса ва таклифлари асосида такомиллаштирилган дарсликлар ойлик апробациядан ўтади. Синов ишлари якунлари бўйича текширувдан ўтказилган дарсликларнинг чоп этилишига рухсат берилади.

Янги ўқув йили учун 28 миллион нусхадаги дарсликлар чоп этилади.