Самарқандда XIX асрда қурилган 4 та масжид бузиб ташланди

08.06.2018 | Ўзбекистон | 3281

Бош прокуратура томонидан маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид қонун ҳужжатлари ижроси бўйича Маданият вазирлиги тизимида ўрганишлар ўтказилди. Бу ҳақда Бош прокуратуранинг Соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа ижтимоий соҳаларда қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Умирбек Мадраҳимов маълум қилди.

Унинг маълум қилишича, «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 7-, 10-моддалари талаблари бажарилмаганлиги, ўз вақтида мониторинг амалга оширилмаганлиги оқибатида Ўзбекистон бўйича жами 259 та моддий маданий мерос объекти турли сабабларга кўра жиддий шикастланган.

Мисол учун, Самарқандда археология объектларининг 4 таси бузилган, 13 таси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, 7 таси туман ҳокимликлари томонидан бошқаларга бериб юборилган. Шу каби, архитектура маданий мероси объектларидан 15 таси бузилган, 39 тасида тегишли рухсатсиз қурилиш ишлари амалга оширилган, 5 таси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ва ноқонуний равишда чиқиндилар тўкилган.

«Ачинарлиси, Самарқанд вилоятида жойлашган, XIX асрда қурилган 4 та масжиднинг қонунга зид равишда бузиб ташланганлиги оқибатида давлат манфаатларига (маданий-тарихий қиймати бўйича) жами 13,2 миллиард сўмлик зарар етказилган», — дейди Умирбек Мадраҳимов.

Ўзбекистон бўйича 421 та моддий маданий мерос объектлари ўз вақтида ҳисобга олинмаган ва муҳофаза қилиш чоралари кўрилмаган. Хусусан, Гурлан туманидаги «Шоҳимардон бобо» мақбараси ўрганиш кунига қадар ҳисобга олинмаган, оқибатда мақбаранинг ярми бузилиб, тарихий қиймати қисман йўқотилган.

Бугунги кунгача 5 393 та маданий мерос объектининг давлат кадастри ҳужжатлари қилинмаган, жами 431 та объект таъмирлаш-тиклашга муҳтож. Моддий маданий ва археология мероси объектлари бўйича ўтказилган хатлов натижалари ҳам ҳаққоний бўлмаган. Мисол учун, Хазорасп туманида жойлашган «Танобчи авлиё мақбараси» мавжудлиги қайд этилган бўлсада, ҳақиқатда мақбара бузилиб кетган.

«Мазкур ўрганиш натижаларига кўра барча қонунбузилишлар бўйича тегишли чоралар кўрилиши таъминланди», — дея маълум қилди Умирбек Мадраҳимов.