Самарқандда иккита замонавий йўл ўтказгич кўприк қурилади

08.06.2018 | Ўзбекистон | 2780

Самарқанд вилоятида замонавий иккита йўл ўтказгич кўприк қурилади, деб хабар қилди "Зарафшон" нашри.

Хабарда айтилишича, вилоят архитектура ва қурилиш бошқармаси маълумотларига кўра Самарқанд вилоятида 60 дан ортиқ йирик кўприк ва эстакада жойлашган.

"Афросиёб" тез юрар поездини ишга тушилиши ва темир йўл инфратузилмасини модернизация қилиниши билан Самарқанд-Бухоро темир йўл йўналишидаги кўприк ва эстакадаларни реконструкция қилиш талаби юзага келди.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, капитал таъмирланиши лозим бўлган бу каби объектлар сони 20 дан ортиқ мавжуд. Уларга Бўстонсарой кўчасидаги "Самарқанд" халқаро аэропорти яқинидаги эстакада киради. Бу объект ўтган асрнинг 70 йилларда барпо этилган бўлиб, ҳозирги вақтда эскириб қолган.

Шунингдек, Самарқанд-Бухоро трассаси, кўмир омбори яқинида жойлашган йўл ўтказгич кўприги ҳам реконструкцияга муҳтож. Ҳозирги вақтда ушбу объектларни қайта таъмирлаш бўйича ҳужжатларни тайёрлаш ва уларни "йўл ҳаритаси"га киритиш ишлари бажарилмоқда.

Бундан ташқари, Қорадарё устидан янги замонавий йўл ўтказгич кўпригини барпо этишга тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. 2019 йилда ушбу объект эксплуатацияга киритилса "Янгиобод" маҳаласи аҳолиси Самарқандга 10-15 дақиқа ичида етиб бориш имкониятига эга бўладилар.

Ҳозирги вақтда Самарқанд вилояти йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфатузилмасини модернизация қилиш дастури доирасида Самарқанддаги Бўстонсарой кўчасини кенгайтириш бўйича ишлар жадал суратларда олиб борилмоқда. Гулобод ва Т-34 кўчасини Самарқанд кўчасигача етказиш режалаштирилмоқда. Бу ўз навбатида йўлларда тирбандликларни олдини олиб, ҳайдовчилар ва пиёдаларга қўшимча қулайликларни беради.

Ҳуқумат қарорига асосан Мирзо Улуғбек ва Гагарин, Рудакий ва Бўстонсарой кўчалари чораҳасида иккита замонавий йирик йўл ўтказгич кўприк қурилади.

Кўприк қурилиши муносабати билан Рудакий ва Бустонсарой кўчалари чорасидан "Самарқанд" халқаро аэропортигача қурилиш ишлари олиб борилмоқда.