Шавкат Мирзиёев Хитойда Путин билан учрашди

09.06.2018 | Ўзбекистон | 2960

Шавкат Мирзиёев 9 июнь куни Хитойнинг Циндао шаҳрида Россия президенти Владимир Путин билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Президенти Владимир Путинни Россия президентлигига қайта сайлангани билан яна бир бор табриклаб, Россия билан стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари Ўзбекистон ташқи сиёсатининг ўзгармас йўналиши эканини таъкидлади.

«Бир йилда ўзаро 70 та делегация ташрифи амалга оширилгани, 21 марта ҳудудлараро учрашувлар ўтказилгани алоқаларнинг бугунги суръати ва миқёсидан далолат беради. Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 40 фоиздан зиёд ўсган. Ҳали олдинда яна йирик лойиҳаларимиз кўп», — деди Шавкат Мирзиёев.

Россия президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашувдан мамнунлигини таъкидлаб, икки мамлакат ҳамкорлигида кўплаб самарали лойиҳалар амалга оширилаётганини қайд этди.

«Ўтган йили Россияга ташрифингиздан кейин ҳаммаси ижобий томонга ўзгарди. Сизнинг ташаббусингиз билан чегаралардан ўтишда ‘яшил йўлак’ ташкил этилгани натижасида Ўзбекистон мева-сабзавотларини етказиб бериш қарийб 36 фоиз ошди. Россиянинг етакчи компаниялари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда», — деди Владимир Путин.

«Лукойл» компанияси Ўзбекистонга 7 миллиард доллар инвестиция киритгани, жорий йил апрелда Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси ишга туширилгани қайд этилди. «Росатом» Атом энергияси бўйича давлат корпорацияси билан энергетика соҳасида шериклик ва илмий-техникавий ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олингани таъкидланди.

Жорий йилнинг кузида Ўзбекистонга олий даражадаги ташриф кутилмоқда. Шунингдек, Тошкентда илк бор Ўзбекистон ва Россия ҳудудлараро форумини ўтказиш режалаштирилмоқда.

Учрашувда ушбу муҳим тадбирларни амалий мазмун билан бойитиш, бунинг учун вазирлик, компания ва ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни фаол давом эттиришга келишиб олинди.

Мулоқот чоғида томонларни қизиқтирган халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.