Шимолий Кореяни қуролсизлантириш 20 миллиард долларга тушиши мумкинлиги айтилди

11.06.2018 | Жаҳон | 2962

Қурол назорати бўйича экспертлар фикрича, Шимолий Кореянинг ядро дастурини тугатиш учун 10 йил вақт кетиши ва жараён 20 миллиард долларга тушиши мумкин. АҚШ ва Шимолий Корея раҳбарлари 12-июнь куни Cингапурда учрашмоқда.

«Ишнинг қийини ҳали бошлангани йўқ. АҚШ, Жанубий Корея, Япония, Хитой ва Шимолий Корея муттасил ҳаракат қилиши керак бўлади. Йиллаб вақт олади», - дейди Дерил Кимбал, Вашингтондаги Қурол назорати бўйича уюшма директори.

Президент Доналд Трамп саммитдан «ижобий натижа» кутмоқда. У Ким Чен Ун билан қуролсизланиш жараёни, санкциялар, Шимолий Кореяга иқтисодий ёрдам ва хавфсизлик кафолатлари ҳақида гаплашади.

АҚШ Мудофаа вазири Жим Маттис сўзларига кўра, Пхенян ядро қуролларидан воз кечиш йўлида тасдиқланган қадамлар ташлаганидан кейингина санкциялардан қутулиши мумкин. Ким Чен Ун ҳукумати эса ҳар бир қўйган қадами учун имтиёз олишни истайди.

Харажатлар

Тахмин шуки, Шимолий Кореяда 20 дан 80 тагача ядровий каллаклар, биз билган ва махфий ядровий иншоотлар, минглаб баллистик ракеталар, жумладан сувости кемаларидан учирадиган ракеталар бор.

Жанубий Кореянинг Кукмин Университети профессори Квон Ҳюк Чул яқинда бир изланиш ўтказди. Унинг хулосасига кўра, бундай катта арсенални АҚШ хоҳлаганидек бутунлай йўқ қилиш 20 миллиард долларга тушади. У Украина тажрибасини мисол келтиради.

«1990-йилларда Украинанинг стратегик ядровий қуроллари Россияга кўчирилиб, ўша ерда йўқ қилинган. Америка ўшанда йирик контейнерлар билан таъминлаган, техник ёрдам кўрсатган», - дейди профессор.

20 миллиард долларлик потенциал харажатни қуйидаги қисмларга бўлиш мумкин:

  • Шимолий Корея арсенали ва ядровий иншоотларини демонтаж қилишга - 5 миллиард доллар
  • 1994-йилда АҚШ берган ваъда кўра, электр қуввати ишлаб чиқарадиган икки сув реактори қуриб беришга - 5 миллиард доллар
  • Иқтисодий ёрдам ҳамда ядро соҳасида ишлаётган 10 минггача ходимни бошқа ишларга ўтказиш учун - 10 миллиард доллар

Президент Трамп дейдики, Шимолий Корея шартларга кўнса, АҚШ ҳукумати бу давлатга тўғридан-тўғри ёрдам ажратмайди, балки хусусий компаниялар сармоя олиб кириши мумкин. Ёрдам асосан Жанубий Корея ва Хитойдан келади, дейди АҚШ президенти.