Адлия вазирлиги Нодавлат нотижорат ташкилотлар ўтказаётган тадбирларни назорат остига олади

13.06.2018 | Ўзбекистон | 2410

Ўзбекистон Адлия вазирлиги Нодавлат нотижорат ташкилотлар (ННТ) томонидан уюштириладиган тадбирлар ҳақидаги Низомини эълон қилди.

Унда айтилишига кўра, бундан буён Ўзбекистонда фаолият юритаётган ННТлар конференция, семинар, тренинг, йиғилиш, акция, давра суҳбати, симпозиум ва бошқа шаклларда оммавий тадбирлар ўтказишни режалаштирганда тегишли адлия органини 10 кун олдин ёзма равишда хабардор қилиши керак бўлади.

Тадбирлар чет давлат ҳудудида ўтказилиши ёки тадбирда хорижий фуқаролар иштироки этиши режалаштирилганда - 20 кун олдин хабар бериш керак бўлади.

ННТ низомида белгиланган тадбирлар ўтказганда ёки Ўзбекистон ҳукумати ва вазирликлар томонидан ўтказиладиган тадбирларда иштирок этганда – хабарномани 3 кун олдин юбориш мумкин.

Хабарномада ННТ ташкилотининг номи, тадбир мавзуси, мақсади, кун тартиби, аҳолининг қандай гуруҳлари иштирок этиши, тадбир санаси ва манзили ҳақида, шунингдек унда иштирок этаётган хорижий фуқаролар ҳақида маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.

Адлия вазирлиги ННТ хабарномасида кўрсатилган маълумотларни текшириб, оммавий тадбирни ўтказиш ёки ўтказмаслик ҳақида қарор чиқаради. Хабарномада нотўғри маълумотлар кўрсатилгани аниқланганда ёки тадбир қонун талабларига зид эканлиги аниқланган ҳолларда тадбирни ўтказиш таъқиқланиши мумкин. Таъқиқ ҳақидаги қарор тадбирга 2 кун қолгунига қадар эълон қилинади.  

Ҳужжатда ушбу қоидалар Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган сиёсий партиялар тадбирлари ва диний маросимларга нисбатан қўлланилмасилиги алоҳида айтиб ўтилган.

“Ушбу Низом талаблари сиёсий партиялар томонидан ўтказиладиган тадбирларга, шунингдек диний ташкилотлар томонидан ўтказиладиган ибодат, диний расм-русмлар ва маросим тарзидаги тадбирларга нисбатан татбиқ этилмайди”, - дейилган Низом матнида.

Шунингдек, ҳужжатда ушбу Низом Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлар Ассоциацияси билан келишилганлиги айтиб ўтилган.