Хива хонининг 100 минг долларга баҳоланган мактуби ҳақида нималарни биласиз?

13.06.2018 | Блог | 4664

Хива хонининг Англия бош вазирига ёзган мактуби ҳижрий 1263 йилга (милодий 1885 йил) тегишли бўлиб, унда икки давлат ўртасида дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, савдо-сотиқни ривожлантириш ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш ифода этилган. ЎзА ана шу мактуб ҳақида ҳикоя қилди.

Хон ушбу мактубни ўзининг мулозим навкарларидан бўлган Маҳмуд Ниёз орқали жўнатиб, навкар Англияга қайси давлатлар орқали бориши маълум қилиниб, шу давлатлар мулозимларидан навкарнинг бехавотир ўтишлигини хон илтимос қилган. Форсий тилда битилган бу мактубни ўрганган америкалик бир сайёҳ, бу ҳужжат учун 100 минг доллар таклиф қилган эди. Лекин бу бебаҳо ҳужжат бўлгани учун «Хива хонлиги архив ҳужжатлари» номли фондда сақланмоқда.

Айни вақтда мазкур фондда сақланаётган ноёб ҳужжатлар 1268 йиғмажилддан иборат бўлиб, уларда ҳаммаси бўлиб, 83551 та ҳужжат мавжуд. ХVII аср охири — XIX аср бошларидаги Хива хонлигида давлат бошқаруви, хоннинг ёрлиқлари, халқаро дипломатик алоқалар, ходимларни мансабга тайинлаш, оддий фуқароларнинг хонга тўғридан-тўғри мурожаати, ер ҳосилининг ҳисоб-китоби, солиқлар ва закот ҳақидаги маълумотларни ўзида қамраб олган.

Мазкур йиғмажилдларда савдогарларнинг шахсий кундаликлари, хоннинг пайғамбар авлодларидан бўлган фуқароларга ва илм аҳлига тақдим этган солиқлардан имтиёз берувчи ёрлиқлари, никоҳланиш учун қозининг рухсатномаси бор.