Эрдўғон Путинга биргаликда С-500 ишлаб чиқаришни таклиф этди

14.06.2018 | Жаҳон | 2598

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Россия президенти Владимир Путинга биргаликда С-500 зенит ракета мажмуаларини ишлаб чиқаришни таклиф этди.

"Россия бизга С-400 борасида жуда қулай шароитларда кредит тақдим этди. Иккинчи ва учинчи босқичларда биз ҳамкорликда ишлаб чиқаришга киришамиз. Мен шунингдек, Россияга ҳамкорликда С-500 ишлаб чиқаришни таклиф этдим", — Эрдўғоннинг сўзларидан Anadolu агентлиги иқтибос келтирган.

Бундан ташқари, Туркия президенти Москва ва Анқара ўртасидаги С-400 бўйича бўлган келишувларга АҚШ ва НАТО томонидан бўлаётган танқидларга ҳам муносабат билдириб ўтган.

"Нега улар Греция эга бўлган С-300 борасида лом-мим дейишмади? Туркияга нисбатан бундай сиёсатни тушуниш мумкин эмас. Бизнинг мудофаа саноатимизнинг ўз эҳтиёжлари бор, ва биз уларни қондиришга ҳаракат қиламиз". — деган Эрдўғон.

Илгарироқ Туркия етакчиси Анқара россиядан олинган С-400 зенит ракета мажмуаларини зарурат туғилганда ишлатишга тайёрлигини маълум қилган эди. "Улар мудофаа тизимлари. Агар улардан фойдаланмасак, унда уларни нима қиламиз", — деб таъкидлаган Эрдўғон.

Ўтган йилнинг декабр ойида Туркия ва Россия ўртасида С-400 бўйича кредит келишуви имзоланган. Анқара 2,5 миллиард долларга ушбу мажмуаларнинг иккита батареясини харид қилишини ва бу батареяларга туркиялик ходимлар хизмат кўрсатишини таъкидланганди. Томонлар, шунингдек, Туркияда С-400 ишлаб чиқарилишини ривожлантириш борасида технологик ҳамкорликка келишиб олишди.