Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Xabar.uz сайти ва муҳаррирининг фаолиятига босим кўрсатилмоқда
14.06.2018 17:16,  
31

Хабар.уз сайтининг муҳаррири Жамшид Ниёзов сайт ва ўзининг фаолиятига босим кўрсатилаётганини ишора қилувчи постни ижтимоий тармоқдаги саҳифасида улашди. Унинг тўлиқ матнини келтирамиз.

2017 йилнинг 20 декабрь куни «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали тест режимида иш бошлади, 27 декабрдан эътиборан эса расман ОАВ сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Нашр ўз олдига Ўзбекистон ва хорижда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни тезкор ва холис ёритиш, жамиятнинг оғриқли муаммолари юзасидан журналистик суриштирувлар олиб бориш, ижтимоий ҳаётдаги оғриқли масалаларга муросасизлик билан муносабатда бўлиш, шунингдек, Ўзбекистонда ахборот технологиялари ва технологиялари ва “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни содда ва халқчил тилда етказиб бориш, ёшларни АКТга қизиқтирадиган, аҳоли орасида мазкур соҳанинг нуфузини юксалтиришга хизмат қиладиган мавзуларни кенг ёритишга ихтисослашган.

Бу лойиҳа менинггина ўй-фикрларим, ғояларим маҳсули эмас. Ўзбекистон шароитида шундай лойиҳага, рақобатбардош электрон ОАВ  эҳтиёж борлигини англаб етган инсонлар томонидан мен легионер сифатида жалб этилганман. Мен келганимда у фақат қоғозларда бор эди. Ғояни ҳақиқатга айлантириш, ўйлаганларимизни тасаввур қилганимизчалик осон бўлгани йўқ. Бунинг учун Ўзбекистон ва хориждаги юзлаб (юзта эмас) лойиҳалар ўрганилди, таҳлил қилинди, улардаги энг яхши жиҳатлардан намуна олинди.

«Xabar.uz»нинг дизайни, шакл-шамойили ва фаолиятининг асосий йўналишлари устида ойлар давомида бош қотирганмиз, Шавкат Ҳамиджонов ва унинг жамоаси, Жамшид Худойқулов сингари профессионаллар билан ҳамкорлик натижасида лойиҳа илк кунларданоқ кўпчиликка маъқул бўлди ва тилга тушди.

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали беш ярим ой ичида Ўзбекистондаги барча сайтлар рейтингида 5-ўрингача кўтарилган бўлса, электрон ОАВ рейтингида 3-ўриндан мустаҳкам жой олди. Айни пайтда ушбу у ўқувчилар ташрифи бўйича Daryo ва Kun нашрларидан кейинги ОАВ ҳисобланади.

Қисқа вақт ичида бу натижаларга эришиш осон бўлгани йўқ. Кунига 20 соатлаб ишлаган кунларимиз кўп бўлди, ўртача кунига 18 соатлаб ишлаяпмиз ҳозир ҳам. Байрамларни унутганмиз (аммо кўп ташкилотларда бўлгани каби премия олмаймиз). Дам олиш куни йўқ. Меҳнат таътили ҳам йўқ. Аммо жамоа шу пайтгача бундан нолимаган. Чунки ҳамма қилаётган меҳнатидан рози, жон-дили билан, лойиҳага меҳр қўйиб ишлаб келишмоқда. Ойликларинг шунга яраша каттадир деб оғзимизга уришлари мумкин. Жавоб бериб айтаман, Хабар.уздаги темпда бир ой чидаб, кунлик талабларни бажара олган одамга сўраган ойлигини берамиз. Аммо бу даъво билан келган кўпчилик икки ҳафтадан ошиғига чидай олгани йўқ.

Буларнинг барчаси ижодий жамоамизнинг аҳиллиги, барчамизнинг бир тану бир жонга айлана олганимизнинг самараси деб биламан. Жамоада профессоналлар жамланган, барчаларини ўзим шу лойиҳага жалб этганман, улар ҳам менга, мен берган ваъдаларга (мен ҳам кимларгадир ишониб ваъда берганман албатта) ишониб, иссиқ жойларини совутиб бу ерга келишган. Бунинг учун улардан ўла-ўлгунимча миннатдорман ва шундай жамоада ишлаётганимдан ҳамиша фахрланаман, буни ўзларига ҳам кўп марта айтганман.

«Xabar.uz»нинг бошқа нашрлардан ажралиб турадиган жиҳати бу унинг колумнистларидир. Бу кўпгина сайтларда бор, албатта. Аммо ҳаммада ҳам улар ишончни оқлай олган деб айтолмайман. Колумнистлар билан ҳар куни, таъбир жоиз бўлса, ҳар соатда алоқадамиз. Энг биринчи танқидчиларимиз улар, энг яқин маслаҳатгўйларимиз улар, энг яқин ёрдамчиларимиз улар. Айни пайтда ўттизга яқин доимий муаллифимиз бор, энг қизиғи, уларнинг аксарияти биздан бир тийин олмайди, аммо ўзларини шу лойиҳанинг бир бўлаги деб билишади ва бундан чексиз фахрланишади, биз ҳам улар билан фахрланамиз. Ҳар бирлари билан шахсан музокара олиб бориб, кўнгилларига йўл топиб, шу лойиҳага жалб қилганман. Мана шундай илғор фикрли одамларга дўст, ҳаммаслак қилгани учун Яратганга чексиз миннатдорлик билдираман.

Ўтган қисқа вақт мобайнида жуда катта натижаларга эришдик деб айта оламиз. Республикада мажбурий меҳнат йўқолишига сабабчи бўлган воқеа — Диана Еникееванинг ўлими воқеасини биринчи бўлиб Xabar.uz ёритди. Албатта, бошқа ОАВдаги ҳамкасбларимиз ҳам эстафетага қўшилишди ва бунинг шовқини давлат раҳбаригача етиб борди. Натижада ўқитувчи ва шифокорлар, умуман, бюджет аҳли мажбурий меҳнат аталмиш асрий балодан қутулишди.

Бу каби мисолларни талай келтиришимиз мумкин. Суд ва ижро ҳокимияти, МХХ (ҳозирги ДХХ),прокуратура, солиқ, МИБ, соғлиқни сақлаш, таълим, банклар, қўйингки барча соҳалардаги муаммоларни, шунинг баробарида, ислоҳотларни ҳам фаол ёритиб келмоқдамиз. Журналистик суриштирувларимиздан сўнг ишига тикланган, қамоқдан озод қилинган, йиллар давомида ундирилмаётган ҳақларини олган, адолат борлигига ишонганлар талайгина. Нокамтарлик ва қилинган хизматга миннат бўлмаслиги учун уларни номма-ном айтмаяпмиз (аммо умид қиламанки, зарурат туғилса. Улар бизнинг ҳимоямиз учун отланадилар).

Расмий матбуот ҳали-вери журъат қилолмайдиган кўплаб мавзуларни кўтариб чиқдик, бундан кейин ҳам кўтарамиз иншооллоҳ. Чунки бизни бошқалардан фарқлаб турган жиҳатлардан бири ана шу журъат, она халққа камарбасталик, юрт қайғусидир. Агар мақсад фақат пул  топишгина бўлганда артистларнинг кетию фалонини ёритсак, ташвишимиз бугунгичалик бўлмасди. Зеро, ана шу журъатимиз туфайли ўтган вақт ичида қандай маломату таҳдидларга учрамадик, кимлардан қўнғироқ бўлмади дейсиз. Ҳатто иш бошлаганимизга бир ҳафта бўлмай “очилдигу шу он ёпилдик” мақомида бўлишимизга бир баҳя қолган. Зеро, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар тўлқинига мослашолмаётган, таъбир жоиз бўлса, ҳазм қилолмаётганлар ҳалиям талайгина. Мавриди келса, бу ҳақда батафсил тўхталаман.

Ишнинг энг оғир қисми ортда қолиб, машаққатли меҳнатнинг мевасидан баҳраманд бўлиш онлари яқинлашаётганда Аллоҳ бошимизга бир синов юборган кўринади. Улкан бир фитна қурбони бўлиш арафасидамиз. Гап шундаки, сайт ўз йўлини топиб олганини билган айрим ғаламислар қулай фурсат (бу қандай фурсат бўлгани ҳақида алоҳида ёзаман худо хоҳласа) фойдаланиб, мени лойиҳадан четлаштиришга бел боғлаганидан хабар топиб қолдим. Бунга очиқ ва расмий манбаларга таяниб берган айрим хабар ва мақолаларимиз сабаб бўлди (айнан қайси мақолалар ҳақида гап кетаётгани, улар нима учун ўчиртирилгани ҳақидаги далиллар воқеалар ривожига қараб бирма-бир очиқланади, ўйлайманки, бу кўпчилик учун қизиқ бўлади).

Ижодий гуруҳ раҳбари сифатида бундай хабар ва мақолаларни “ўтказиб” юборганим учун мен кимларгадир ёмон кўриниб қолганга ва хиёнат қон-қонига сингиб кетган, ўзгалар тагига сув қўйиб кун кўриб келаётган тоифа бундан фойдаланиб, нафрат оловини баттар алангалатган, вазиятни ўнглашнинг ягона чораси сифатида мен ва жамоамдаги мен каби “исёнкор”ларни кетказиш ва бошқарувни ўз қўлларига олиш таклиф этилган кўринади. Бу ҳақда рад этиб бўлмас далилларим борки, бу ҳақда, умуман, кимлар бизга тиш қайраётгани, адоватнинг қай тариқа шакллангани ҳақида батафсил баён қиламан. Халқ ўз қаҳрамонларини таниб қўйсин, бошқа жойга борганларида қалбларидаги қора доғ юзларида акс этиб борсин, одамлар асл қиёфаларидан воқиф бўлсинлар. Андиша қилиб кўп нарсасини бой берган халқмиз...

Мен-ку ишимни йўқотишдан қўрқмайман. Жамоамнинг эртасидан ҳам кўнглим тўқ. Исталган жойда ўринларини топиб кетишади. Сафдошларимиз барчаси мен билан бирга ишдан бўшашга ва Хабар.узни қандай тиклаган бўлсак, янги лойиҳани худди шундай оёққа турғизишга шай туришибди. Менимча, шунинг ўзи ҳам қайси даврда қандай қилиб бунчалик юксалганимизни кўрсатиб турибди. Чунки тилимиз ва амалимиз бир, еган нонимизни оқлаб еяпмиз. Аммо шунча меҳнатимиз сингган, боламиздай бўлиб қолган лойиҳани осонгина ташлаб кетадиган аҳмоқ бор эканми? Бу юртда журналистнинг ҳуқуқи ерда қолибдими? У ердан чиққан қўзиқоринмидики, зулукдай сўриб, кейин ташлаб юборилса?!

Ҳолбуки ҳеч ким биз билан суҳбатлашгани, асл вазиятни сўраб суриштиргани йўқ. Орқамиздан пичоқ урувчиларнинг гапига ишониб ва оддий камчиликларни шишириб ўзлари тақдиримизни ҳал қилишмоқчи бўлишаяпти. Б йўлда энг пасткаш йўлдан фойдаланилаяпти, касб байрамимиз арафасида бизни ойликсиз қолдириб, бу орқали ўз аризамизга кўра ишдан бўшашимизга эришмоқчи бўлаётганлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсатига зид ҳаракат қилаётганларини, таъбир жоиз бўлса Президентга хиёнат қилаётганларини ҳамма билиб қўйишларини хоҳлардим.

Зеро, давлат раҳбарининг ўзи 2017 йилнинг 22 декабрдаги Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида жамиятимиз ҳаётида демократик принципларни мустаҳкамлашда оммавий ахборот воситалари муҳим ва таъсирчан омил ҳисобланиши, бу борада чинакам профессионал замонавий журналистикани шакллантириш, хусусан, нодавлат оммавий ахборот воситаларини, ахборот ва таҳлилий Интернет сайтларни молиявий қўллаб-қувватлашга эътибор қаратиш, бунинг учун алоҳида давлат фондини тузиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлаб ўтган эди.

Айни пайтга Ўзбекистонга худди биздек оммавий ахборот воситалари сув ва ҳаводек зарур. Айримлар хоҳлаётгандек юмшоқ супурги бўлиб ишловчи, кимларнингдир думини боссиб қўйишдан қўрқиб қайсидир мавзуларни ёритиши чекланган, кимлардандир қўнғироқ бўлишидан чўчиб қайсидир хабарлари ўчиртирилган, “жаннат”дан муждалар йўлловчи ОАВ на халққа, на давлатга ва на Президентга керак эмас. Агар керак бўлганда босма ОАВ бугунгичалик ғариб аҳволга тушмаган ва халқнинг ишончини йўқотиб қўймаган бўларди.

Шу пайтгача ниманики ёритган бўлсак, давлат ва халқ манфаатларига зарар етказадиган иш қилмадик ва бундан кейин ҳам қилмаймиз. Аммо ОАВга бу тариқа муносабатда бўлганлар Ўзбекистоннинг кундан-кунга яхшиланиб бораётган халқаро имижига путур етказишлари, мамлакатда эркинлашаётган, демократлашаётган матбуот ҳалигача тутқунликда, қафасда экани айбловлар қайта кун тартибига чиқишига ҳисса қўшишлари мумкин. Табиийки, кимлардир  ўз “шкурасини” ўйлаб амалга оширилаётган бу ишлар Президент юритаётган сиёсат моҳиятини англамаслик, унга хиёнат демакдир. Кортеж воқеасидаги ўзбошимчалик учун Давлат маслаҳатчисига ўз ўрни қай тарзда кўрсатиб қўйилган бўлса, ОАВ мустақиллигига тушов бўлаётганларни ҳам худди шу тақдир кутиб турганига ишонаман.

Мен оғир дард туфайли бир марта ўлимнинг тафтини ҳис қилган одамман.. Шу лойиҳага берилиб, касалимниям унутиб, ўзимни соғлом ҳис қилиб, ҳали кўпчиликка кераклигимни ҳис қила бошлаган эим. Менинг йўқотадиган нарсам йўқ. Аммо мен ва жамоамга тиш қайраганларнинг эса йўқотадиганлари кўп. Қўлимдаги қаламим Ватаним, миллатим ривожи учун хизматига ҳамиша тайёр. Шунинг баробарида адолатсизлик, ҳақсизлик, маддоҳлик, субутсизлик йўлидаги ҳар қандай курашга шайдир. Агар шу курашда ўлиш пешонамга ёзилган бўлса, Яратганнинг тақдирини қучоқ очиб кутиб олишга тайёрман

Гапираман деса гап кўп. Айтадиганим битта. Шундай улуғ кунларда фитна қилаётганларга Ўзи кифоя қилсин! Дуоларингиздан умидворман. Яратган ким ҳақ бўлса, ўшани ғолиб қилсин!

Жамшид Ниёзов, Хабар.уз сайти муҳаррири

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан