Оғриқли мавзу. Қуллар таълими

20.06.2018 | Блог | 3424

Ушбу мақола Россиянинг «Cноб» онлайн-журналида чоп этилган ва у Россия таълим тизимининг муаммоли жиҳатлари ҳақида. Колонка муаллифи – Арина Холина.

«Жаҳондаги энг яхши таълим СССРда бўлган» – бу, нимагадир ҳали ҳам кўпчилик ишонадиган ташвиқотлардан бири, холос.

Икки мамлакатда истиқомат қиладиган ва болаларни қаердаги бошланғич мактабга юбориш устида бош қотираётган танишларимнинг аксарияти, Европада авлодларни ҳеч қандай яхши нарсаларга ўргатишмайди деган гумонда, қошларини чимиришади. Нима эмиш, бошланғич мактабда атиги учта фан ўтилади, ҳаммаси қандайдир юзаки, дарсда эса интизом деган нарсанинг ўзи йўқ – ўрнидан туриб кетиш мумкин, аксинча, ўрнидан турмасдан жавоб бериш мумкин; ўқитувчи хона бўйлаб чизғични кўтариб югурмайди ва кўпайтириш жадвалини ёдламаганларнинг жонини суғуриб олмайди.

Гап шундаки, советча ғоялар билан заҳарланган миямиз ўқитишнинг бошқача, ўзгача йўлларини шунчаки тан олмайди. Бизга кўпинча, қанчалик кўп дамингни ичингда сақлаб, қўрқиб турсанг, ўрганаётган нарсанг ўзингга шунчалик камроқ ёқади ва аслида шуниси яхшидек туюлади.

Биргина чет тилларни ўрганишни кўриб чиқайлик. Инглиз тили бутун дунёда она тилига иловага айланиб улгургани ҳолда, Россияда бу тилнинг ўргатилиши ҳали ҳам жуда ёмон аҳволда. Скандинавияда инглиз тилида бирор нарсани тушунтириб бера олмайдиган одамни топишнинг ўзи амри-маҳол. Дейлик, Италия, Испания ёки Португалия қишлоқларида баъзан имо-ишора тилидан фойдаланишга тўғри келади, бироқ ҳеч-йўғи ресторанча-дўкон инглизчаси воситасида сиз билан ҳисоб-китоб қила олишади.

Агар ҳозирнинг ўзида Москвадаги исталган чет тилини ўргатувчи курсга қатнаб, кейин, дейлик, Германияга бориб, у ерда немис тилини ўрганишга киришсак, биздаги ҳамма чет тили ўқитувчиларини – ҳайдаганда ҳам шармандаларча – ҳайдаш кераклиги очиқ кўриниб қолади.

Американинг энг содда Pimsleur лингафон курслари ўзининг самарадорлиги жиҳатидан МГИМО (Москва давлат халқаро муносабатлар институти)нинг бутун ўқитувчилар таркибидан яхшироқ. Мен ўзим МГИМОда ўқиганман, нима деяётганимни жуда яхши биламан. Аъло даражадаги инглизчангни кўриб, сени худдики «элит» гуруҳга ўтказиб, тағин бошидан грамматикани – сен ўн йил аввал ўрганиб бўлган қисмингдан бошлаб ўргатишлари – ғалатидан ҳам ғалатироқ. Албатта, талабалар «май нейм из Петья»дан бошқа ҳеч нарсани ўрганолмай чиқадиган бошқа барча институтлар билан таққослаганда, МГИМОда шаклланган мактаб бор, лекин барибир шу олийгоҳни битириб чиқиб-да янги тилда қийинчилик билан гапирасан.

Чунки таълимни қоқиб киргазиш тизими Россияга СССРдан мерос бўлиб қолган. Европа (ёки Америка)да эса таълим – ичингдан ҳис қилиб, интуитив равишда. У ерда ҳаммаси шундай қилинганки, таълим – кўнгилочар машғулотдек ўтсин, билимлар ўз-ўзидан қабул қилинсин. Бу, таълимга умуман бошқача ёндашув. Ўқувчиларга уйга вазифа қилиб ребусларни, «16та фарқни топинг» қабилидаги суратларни беришади – бу каби нарсалар болаларга қизиқ, улар машғулотларни қийнаш сифатида қабул қилишмайди. Дугонамнинг эндигина уч ёшга тўлган ўғлини болалар боғчасидаги гуруҳи билан бирга Лиссабонга, Шарқ музейига олиб боришди. Ҳаётидаги энг биринчи автобус саёҳатидан бошқа (шуни эслаб қолса ҳам катта гап) ҳаммасини эсдан чиқариб юборса ҳам, таассуротлар ғайришуурда қолади. Қоладиган нарсалар орасида энг муҳим ҳиссиёт – ўрганиш, янги нарсани билиш – ҳар доим қизиқарли эканлигидир.

Яна тил ўрганиш масаласига қайтадиган бўлсак, Европадаги одатий интеграцион курсларда икки ойда тилни ўзлаштириш мумкин. Тилни мукаммал ўрганиб олиш учун эса у ерга бир йил қатнаш керак. Тил ўрганиш курсларини Европада тугатган танишларимнинг барчаси дастлабки уч ойдан кейин бемалол хорижий тилда сўзлашишни бошлаган эдилар.

Мактабларда ҳам худди шундай. Юқорида эслаб ўтганимиз дугонамнинг катта ўғли португал мактабида ўқийди. Қишлоқда. У португалча гапира оладими-йўқми – бу ҳеч кимни ўйлантирмайди ҳам; ҳа, бошида унга нисбатан кўпроқ эътибор қаратишган, ўқитувчи унга қўшимча машғулотлар берган, лекин «у қандай қилиб ўқийди?» деган савол – тизимдан тўла ташқарида.

Худди шу фикрни Германиядаги катта талабалар ҳақида ҳам айтса бўлади. Ёзда тил курсларига борасан, кузда эса университетдаги тил курсларига ёзилсанг бўлади, лекин ўқиш бошланганидан маърузаларга бошқа барча талабалар қатори қатнайверасан. Рус абитуриентларнинг ота-оналари бунга ишона олишмайди. Уларнинг фикрича, хориждаги олийгоҳга кириш учун заррача имкон пайдо бўлиши учун бола Россияда камида беш йил тил билан шуғулланиши керак. Лекин, биласизми, амалда европалик барча талабалар хорижий тилларни (ва хорижий тилларда) осон ўрганишади. Билимларни тез ўзлаштиришади.

Чунки кичкиналикларда, боғчаларда, бошланғич мактабларда уларнинг бошларини кераксиз ахборот билан тўлдиришмаган – бунинг ўрнига ривожлантиришган. Бу маънода Европа музейлари айниқса эътиборга молик. Масалан, ўша Лиссабондаги ўқувчиларни гуруҳлаб олиб келишадиган Табиий фанлар музейида болаларнинг ақлий ривожланиши учун кўплаб ўйинлар ташкил қилинган. Энди буни бирорта экспонатига қўл текказиб бўлмайдиган бизнинг музейларимиз билан таққосланг.

Ғарб мактаб таълими тизими мияни тугунлар билан тўлдириб ташлашга эмас, балки ривожлантириш, ижодий қобилиятларни очиш асосига қурилган. Бу борада менинг ажойиб мисолим бор – чўқинтирган отамнинг ўғли, Кирилл. Ўн икки ёшида уни АҚШга, шунда ҳам қайсидир бир қишлоқ олиб кетишган. Отаси рассом бўлган, лекин Кириллнинг ўзи ҳеч қачон сурат солишга қизиқмаган. Бироқ Америкада у мактабдаги бадиий ижодиёт хонасини кўрган, у хонада ҳаммаси шу қадар жозибали ва эркин бўлганки, бундан ташқари, ижод эркинлиги шу қадар қўллаб-қувватланганки, охир-оқибат Кирилл Россияга бир қути суратлар билан қайтган (онаси ажрашиб, Москвага қайтган). Орадан бир неча йил ўтиб, энди Германияда, Кирилл ўзи чизган суратларга Sony’дагиларга кўрсатган – улар эса Кириллнинг коллежи контрактини тўлаб беришган ва ишга қабул қилишган.

Ғарб таълим тизимида ҳеч ким ўқувчига: сен ҳаммасини нотўғри қилаяпсан, сен буни ё яхши қилишинг керак, ёки умуман қилмаслигинг керак; эҳ-ҳе, қизалоқ, сен ҳеч қачон одам бўлмайсан… деган гапларни айтмайди – буларниг барчаси одамларни синдирадиган ва уларни бир умр ижодий тўсиқ ортида қолдирадиган сафсаталардан бошқа нарса эмас.

Португалия кўчалари бўйлаб қора кийим кийиб олган ёшларнинг оркестлари юради. Қора кастюм ва галстук, оқ кўйлак – коллеж ўқувчиларининг формаси. Улар шунчаки кўчаларда юриб, куйлар ижро этишади. Пул йиғишмайди. Бу – талабаларнинг оркестрлари. Лиссабонда – улар бўлажак муҳандислар эди, Портуда эса – санъат коллежи талабалари. Тўғриси айтинг, сиз худди шунга ўхшаш манзарани, дейлик, Москвада тасаввур қила оласизми?

Бизда ҳозир, агар гап профессионал тадбир ҳақида кетмаётган бўлса, «уч кишидан ортиқ» бўлиб тўпланиш ҳатто қонун бўйича тақиқланган. Бизда камтарлик ва ўз қобилиятларини камайтириб кўрсатиш фазилат ҳисобланади. Бу ерда эса одамлар шунчаки қўшиқ куйлагиси келяпти ва, ана – куйлаяпти. Майли, улар билағон эмасдир. Чунки уларни: «Сен ё ғурур билан Консерваторияда куй ижро этасан, ёки ҳеч кимсан», деб тарбиялашмаган. Улар қўшиқ айтиш, куй ижро этиш, ўйнаш, расм чизиш, рақсга тушишдан уялишмайди. Ўша, сиз айтган ва сиз эъзозлайдиган «энг яхши таълим» сингдирадиган сиқиқлик уларда сезилмайди.

Майли, Ғарб таълим тизимининг мактаб дастури россиялик ота-оналар учун жуда содда кўринар. Лекин, дейлик, автомобиль сотувчиси бўлмоқчи бўлган одам учун ҳаммасини мураккаблаштиришнинг нима кераги бор? Кимнингдир амбиция, интилишлари бўлса, улар университетга ҳужжат топширишади. Ва у ерда ҳамма нарсани тез ва осон ўзлаштиришади, чунки уларда таълимдан қўрқмайдиган, керак томонга ўзгара оладиган, қайишқоқ, тез мослашувчан ақл, мия бор. Европаликларнинг мантиғи шундай: сен университетга ўқишга кирдингми, энди сен мутлақо бошқа одамсан. Шунчаки олий таълим кўрган одам эмас, зиёли юқори қатлам вакилисан. Энди сенда ҳақиқатан ҳам ўз соҳасида ягона ўқитувчилардан такрорланмас билимларни олиш имконияти бор. Тўғри, ҳозирда Европа олий таълимида инқироз даври деб кўрилмоқда: университетлар ҳунармандчилик мактабларига айланиб қолган, одамлар шунчаки касбни ўзлаштиришяпти, дунёқарашни кенгайтиришга тиргаклар йўқ, et cetera. Тўғри, маълум бир тендеция бор, лекин бу каби миш-мишлар ҳаддан ташқари ошириб юборилган.

Энг муҳими: европача таълим, албатта, нисбатан инсонпарварроқ. Яқинда Москвадаги бадиий билим юртини тамомлаган ёш дўстларимдан бири имтиҳон вақтида ўқитувчи уни табассум қилгани учун койиб берганини айтиб берди. Эмишки, сен бу ерга хурсандчилик қилгани келмагансан.

Сиз ҳақиқатан ҳам мана шундай таълим – яхши, деб ўйлайсизми?

«Буюк совет таълими» биринчи галда эркинликни бўғиш, эркин фикрлаш ва ижод эркинлиги жараёнини туғилмасидан ўлдиришга қаратилган эди.

Китобларнинг киришларини биз ўзимизнинг сўзларимиз билан кўчирганларимизни жуда яхши эслайман ва бу нарса иншо деб аталарди. Шахсий фикрларингни ўзингдан ташқарига чиқармаслигинг керак эди.

Болалигимиздан ҳиссиётлар ва фикрларни бўғишга ўргатишлари сабаб, биз ҳали ҳам авторитар тизимда яшаймиз. Таълимга нисбатан шаклланиб бўлган ёндашувни бир уринишда ўзгартириб бўлмаслиги тушунарли ҳол, ҳеч бўлмаса буларнинг барига қандай муносабатда бўлиш кераклигини тушуниш керак. Балки, болаларни ҳам имкон қадар бу таълимдан ҳимоя қилишга интилиш керакмикин.

Таълим – мустақил фикрлаш йўлидаги бир поғона эканлигини ва билимлар эркинликдан бошқа ҳеч нарса бермаслигини бор куч билан ўргатиш керак.