Ўзбекистонликларга "Спарк" ва скутер ютиб олиш имконияти тақдим этилди

20.06.2018 | Ўзбекистон | 4404

Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев ўзининг Фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифасида фуқаролар учун танлов эълон қилди.

Танлов вилоят ҳокимлиги ва вилоят прокуратураси томонидан ташкиллаштирилган бўлиб, ландшафт архитектураси ва дизайни, кичик меъморий шакллар ва бадиий монументал санъат номинациялари бўйича ўтказилади.

Танлов иштирокчилари Марказий Осиёда ягона бўлган замонавий "Афросиёб" тезюрар поездининг Булунғур, Жомбой туманлари ва Самарқанд шаҳри ҳудудидан кесиб ўтувчи темир йўл атрофидаги очиқ майдонлар, аҳоли пунктларидаги мавжуд уй-жойлар, ёрдамчи хўжалик бинолари ва бошқа объектларни, шунингдек, Самарқанд шаҳридаги бино ва иншоотлар, бўш турган майдончалар, кўчалар, истироҳат боғларини янада кўркамлаштириб, бадиий-эстетик меъморий мажмуалар яратишлари керак бўлади.

Кўрик-танлов ғолиблари учун қуйидаги мукофотлар жорий этилган:

1-ўрин учун "Спарк" автомашинаси;

2-ўринлар учун 2 та "Скутер";

3-ўринлар учун 3 та телевизор.

Танловда қатнашишга жисмоний ва юридик шахслардан ариза ва лойиҳа-таклифлар 10 июлига қадар чекловсиз қабул қилинади. 

Лойиҳа-таклифлар тақдимоти ва уларни баҳолаш танлов ҳайъати томонидан 10-15 июль кунлари ўтказилади.

Танловда қатнашишга талабнома бериш, танлов шартлари билан танишиш ва бошқа маълумотларни олиш учун Самарқанд шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилиш сўралган.