Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Фақатгина галстук тақиб Нобел олиб бўлмайди
21.06.2018 17:07,  
23

Нобел мукофоти жорий қилингандан бери мукофот олган баъзи мамлакатлар:

АҚШ – 371 та
Англия (UK) – 129 та
Германия – 107 та
Франция – 68 та
Швеция – 31 та
Япония – 26 та
Россия (СССР билан биргаликда) – 26 та

Таълим тизимимизнинг энг пастки босқичидан (боғча) энг юқорисигача (докторантура) бўлган ҳамма илм масканларида энг асосий муаммо ва талаб қилинадиган нарса бу – ўқувчи ва талабаларнинг форма кийишлари масаласидир. Бу муаммо баъзида талабанинг дарсдан ҳайдаб юборилишига ҳам сабаб бўлади. Ўқитувчилар эса форма масаласига шунчалар эътибор қилишадики, худди талабанинг ташқи кўриниши унинг илм олиш салоҳиятига ҳам бевосита боғлиқдай.

Бу тизимнинг бизга кириб келиши катта эҳтимол билан СССР даврига бориб тақалади. Ўша даврлардан бери марказдан келган буйруқларни у ердагиларнинг ўзидан ҳам ошириб бажаришга ўрганган ва шунга доимо интилган миллатдошларимиз форма аънанасига амал қилишда ҳалигача жуда қаттиқ "эътиқод" қилишади.

Бу "эътиқодларини" ҳимоя қилиш учун ишлатадиган асосий гаплари "форма инсонни ёшликдан тартибга, интизомга ўргатади" деган мантиқсиз фикрдир. Агар уларнинг иддаолари тўғри бўлганда шу 75 (+25) йил ичида жилла қурса навбатга туришни ўрганган бўлар эдик! Аммо айтилган ишни вақтида қилмаслик, жамиятдаги умумий меъёрларга амал қилмаслик, ваъдага вафо қилмаслик ва шу каби ижтимоий муаммоларда афсуски ҳалиям энг олдинги ўринларда турамиз.

Ўқув даргоҳларида форма кийиш деган қоиданинг "муаллифлари" бўлган русларда ҳам охирги йилларда бу нарса анча либераллашган, адашмасам. Ҳар ҳолда баъзи видеоларда институт талабаларининг турлича кийинганига кўзим тушган. Аммо бизда ҳалиям форма кийишни билмаган талаба ҳар қанча салоҳиятли бўлмасин "одам қаторига қўшилмайди."

Энди юқоридаги рўйхатда Нобел олиш бўйича энг олдинги ўринларда турадиган икки давлат – АҚШ ва Германия таълим тизимига қарасак, уларда нафақат форма кийиш, балки, дарсга келиш ҳам деярли ихитиёрий! Талабадан талаб қилинадиган ягона нарса: семестер охирида имтиҳонларни муввафақиятли топшириш.

Германияда ўқийдиган дўстларимнинг айтиб беришича дарсда қандай ўтириш, нима кийиб бориш, қаерда ўтириш (партада ўтириш ҳам мажбурий эмас) ва овқатланиш ёки ҳеч нарса емаслик ҳам талабанинг ихтиёрида. Муҳими, ўзига қулай бўлган шароитда дарсни эшитса ва тушунса, бас. Талабаларга берилган бундай эркинлик эса уларнинг тартибга амал қилишига заррача таъсир ўтказмаслигини "немисча ҳисоб-китоб", "немисдай вақтга амал қилиш" деган иборага айланиб кетган немисча тартиб исботлаб турибди.

Тарихдаги энг кўп Нобел мукофоти совриндорлари бўлган мамлакат АҚШдаги дунёнинг энг нуфузли университетларида ҳам худди Германиядаги ҳолатнинг гувоҳи бўлиш мумкин. Бу мамлакатларда талабага бундай кенг эркинлик берилиши унга янада кўпроқ масъулиятни юклайди: дарсга келмаслиги мумкин, лекин ўша ўтказиб юборган дарсини ўша маърузада қатнашган талабалардай билиши шарт! Бу эса талабани масъулиятли бўлишга ва мустақил изланишга, вақтини тўғри ташкил қилишга ундайди, албатта.

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин, аммо гапни чўзиб ўтиришдан фойда йўқ. Биз ҳам мустақил бўлганимиздан бери интиладиган орзумиз — дунёнинг ривожланган давлатлари қаторига кириш учун ҳадеб талабаларнинг формасига осилавермай таълим тизимимиздаги бошқа долзарброқ муаммоларга эътибор қаратиш ва уларни ҳал қилиши вақти келгандир, балким.

Ахир, фактлар галстук тақиш Нобел олишга кифоя эмаслигини яққол кўрсатиб турибди-ку!

Doniyorbek Karimov

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан