Гулнора Каримованинг адвокати Ўзбекистонга қарши шикоят билан чиқмоқчи

22.06.2018 | Ўзбекистон | 5002

Гулнора Каримованинг адвокати Грегуар Манжа (Grégoire Mangeat) Швейцария прокуратурасининг 700 миллион швейцария франкини (810 миллион АҚШ доллари) Ўзбекистонга қайтариш режаларига қарши шикоят аризаси тайёрлаётгани маълум бўлди, деб ёзмоқда "Qalampir.uz" нашри.

Адвокат Швейцария Федераль жиноий судига мурожаат қилмоқчи.

Швейцария прокуратураси май ойида Женева ва Цюрихдаги банкларда музлатилган пулларни Ўзбекистонга қайтариш учун мусодара қилишга буйруқ берган эди.

Адвокатнинг фикрича, олти нафар судланувчидан икки нафарининг иқрор бўлишига асосан пулларни конфискация қилиш Каримованинг ҳуқуқларини бузади.

Унинг сўзларига кўра, Гулнора Каримова айбловлар билан танишиб чиққунча 20 кун кутади. Швейцария Федераль прокуратураси июль ойида Каримова билан учрашиши кутиляпти.

Эслатиб ўтамиз, июль ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримова жиноий иши бўйича тўлиқ расмий маълумотни эълон қилган эди. Унда қайд этилишича, ҳозирда 12 та хорижий давлат ҳудудида 1 млрд 394,1 млн АҚШ доллари, 63,5 млн евро, 27,1 млн фунт ва 18,5 млн франк миқдордаги маблағ легаллаштирилган.

Гулнора Каримованинг коррупция, пулни ўзлаштириш ва ювиш билан боғлиқ жиноятларни содир этишдаги айби уюшган жиноий гуруҳ аъзолари Н.Содиқов, Р.Мадумаров, Ш.Собиров ва бошқаларнинг, гувоҳлар, жабрланувчиларнинг кўрсатувлари, уюшган гуруҳ назоратидаги 45 та хўжалик юритувчи субъектлар ва 16 та оффшор компаниялар фаолиятини текшириш материаллари, олинган ёзма ва ашёвий далиллар, экспертиза хулосалари ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топган.

Гулнора Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168, 178, 182, 189, 228 ва 243-моддалари билан айблов эълон қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.