Қозоғистон Сенати раиси Нурсултон Назарбоевни 2020 йилдаги президентлик сайловида қатнашмаслигини билдирди

22.06.2018 | Жаҳон | 2955

Қозоғистон Сенатининг раиси Касимжўмарт Токаев Нурсултон Назарбоев 2020 йилда ўтадиган президентлик сайловида ўз номзодни кўрсатишига ишонмаслигини айтди:

"Мен президент Назарбоев 2020 йилда ўтадиган президентлик сайловида иштирок этишига ишонмайман. Бунга ишонмаслигимнинг сабаби шундаки, у жуда доно ва ақлли одам. Ўйлайманки 2020 йилги президентлик сайловини биз амалдаги президентдан бошқа номзодлар иштирокида ўтказамиз",- деди Токаев BBC HARDTalk кўрсатувига берган интервьюсида.

Сенат раисининг фикрича, Назарбоев 2020 йилда президентликка сайланмаса ҳам у Қозоғистон ташқи ва ички сиёсатида катта таъсир кучига эга шахс қаторида қолаверади.

Жорий йил бошида Қозоғистонда сиёсий ҳокимият алмашинуви мумкин деган фаразлар пайдо бўлган эди. Бироқ президент Нурсултон Назарбоев 5 март куни ҳокимиятдан кетмаслигини маълум қилган.

Халқимизнинг ишончли келажаги учун ишлаганман, ишлаяпман ва яна ишлашда давом этаман”, деди қозоқ лидери парламентнинг умумий йиғилишида қилган чиқишида Назарбоев.

Маълумот учун, 77 ёшдаги Назарбоев 1991 йилдан бери Қозоғистон президенти лавозимида ишлаб келади. У 2015 йили навбатдаги 5 йиллик муддатга қайта сайланган эди.