1 июлдан бошлаб божхонадан товарларни олиб ўтиш миқдори қисқарaди ҳамда чегараланaди

23.06.2018 | Ўзбекистон | 4264

2018 йилнинг 1 июль кунидан бошлаб қўшни давлатлардан божхона орқали олиб келинаётган товарларнинг миқдори қисқарди ҳамда чегараланди. 

Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 6 февралдаги ПҚ-3512 сон қарорига мувофиқ, шунингдек, қонунга итоаткор фуқаролар ва ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг мурожаатларини инобатга олган ҳолда, республикамизнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, берилган имтиёзларни суистеъмол қилинишининг олдини олиш ҳамда жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинди.

Қарор билан жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдорий нормалари тасдиқланди.

Рўйхатдан асосан 20 турдаги маиший техника буюмлари ва офис техникалари жой олган бўлиб, эндиликда уларни 1 календарь ойида чегарани биринчи маротаба кесиб ўтаётганда фақат 1 донадан олиб ўтилиши мумкин.

Шунингдек, рўйхатда бошқа турдаги товарлар учун ҳам нормалар белгиланди. Яъни, эндиликда ҳар куни олиб ўтилаётган ҳар бир номдаги товардан 2 кг.гача рухсат этилади. Аммо, мазкур товарларнинг умумий оғирлиги 10 кг.дан ошмаслиги керак.

Унутмаслик керак-ки, ушбу товарлар сирасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 6 февралдаги ПҚ-3512 сон қарори 1-иловасида келтирилган товарлар кирмайди.

Ушбу иловада алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво – 2 литргача, барча турдаги тамаки маҳсулотлари – 10 қутигача, атир ва атирсимон суюқликлар – 3 донагача, қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари – 65 гр.гача божхона тўловларисиз олиб киришга рухсат этилган.

Олиб ўтилаётган товарлар қиймати республикага жисмоний шахслар томонидан пиёда, автомобилда, темир йўл ёки дарё ўтказиш пунктлари орқали товарларни божхона тўловлари ундирмасдан олиб ўтишнинг чеклаган меъёрларидан ошмаслиги керак.

Мазкур меъёрлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 6 февралдаги ПҚ-3512 сон қарорида белгиланган бўлиб, унга кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидаги темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 1000 АҚШ доллари миқдорида ҳамда автомобиль йўли (пиёдалар йўли) ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 300 АҚШ доллари миқдоридаги товарларни божхона тўловларисиз олиб киришга рухсат этилган.

Унутманг, товарларни божхона тўловлари тўламасдан олиб ўтишнинг миқдорий нормалари жисмоний шахс Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасини чегара ўтказиш пунктидан белгиланган даврда биринчи марта ўтишида қўлланилади. Бунда божхоначилар чегара хизматлари органлари томонидан жисмоний шахснинг паспортига қўйиладиган белгидаги санага асосланишади.

Мисол: Жисмоний шахс масалан июнь ойи давомида чегарани пиёда равишда биринчи марта 5 июнь санасида кесиб ўтса, демак айни шу ўтишида унга нисбатан рўйхатдаги 1-20 қаторларда кўрсатилган товарларни божхона тўловлари тўламасдан олиб ўтишнинг миқдорий нормалари қўлланилади. Яъни, мана шу биринчи ўтишда 300 АҚШ долларигача бўлган қийматдаги товарларни божсиз олиб кириши мумкин. Жисмоний шахснинг июнь ойи давомида чегарани кейинги кесиб ўтган ҳолатларида ушбу нормалар тадбиқ этилмайди. Шунингдек, жисмоний шахс 1 календарь ой давомида 300 АҚШ долларидаги меёърдан бўлиб-бўлиб фойдалана олмайди. Шунинг билан у бу имкониятдан кейинги календарь ойида фойдалана олади.

Рўйхатда қайд этилган ҳар қандай товар белгиланган норма ва даврийликдан ортиқ олиб ўтилганда ўрнатилган тартибда божхона тўловлари ундирилади.

Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур нормалар 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб, кучга киради.

Қарорнинг тўлиқ матни билан Lex.uz - Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси орқали танишишингиз мумкин.

Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдорий нормалари билан қуйидаги жадвал орқали танишишингиз мумкин.