Биринчи бизнесингизни ҳалокатга олиб борувчи энг қўпол хатолар

24.06.2018 | Блог | 2815

Доҳиёна ғоя омаднинг юз фоизли кафолати деб ўйлаш нотўғри. InsiderPro нашри биринчи компанияни яратишда хонавайрон бўлмаслик сирлари билан бўлишади.

Муваффақиятли стартапни йўлга қўйиш — осон иш эмас.

Машҳур тадбиркорларнинг ҳаммаси ҳам бир мартадан даромадли компанияни яратишга эриша олмаган. Ёш бизнесменлар тадбиркорлик йўлининг бошида йўл қўядиган хатолар омадсизликка сабаб бўлган.

Ўз ишингизни оча туриб, эртами-кечми 90 фоиздан ортиқ стартаплар муваффақиятсизликка учрашини ҳисобга олиш, шунинг учун бизнесни ривожлантириш стратегиясини олдиндан синчковлик билан ўйлаб чиқиш лозим. Айниқса биринчи компаниясини яратаётган одамлар йўл қўядиган хатоларни ёдда тутиш муҳим. Қуйида улардан энг кўп учрайдиган олтитасини келтириб ўтамиз.

  1. Бизнес асосий ғоясини сир тутиш

Кўпчилик бошловчи тадбиркорлар муваффақиятли стартапни яратиш инқилобий ғояни кашф этиш туфайли юзага келиб, қолган нарсалар гўёки ўз-ўзидан амалга ошади, миллионлаб доллар дарёдек оқиб келади деган фикрда бўлади. Бундай ўй-хаёллар оқибатида улар ўз ғояларини барчадан сир тутиб, уларни ўғирланишидан хавотирланади.

Бироқ янги компания асосчиси учун ғоясини сир тутиш — жуда ёмон фикр. Нега дейсизми?

Ғояларни албатта бошқа тадбиркорлар билан бўлишиш лозим — бу орқали ўз ишини бозорга олиб чиққан ва даромадли бизнес яратишга эришган кишиларнинг эҳтимолий ёрдамидан фойдаланиш мумкин.

Ҳаддан ортиқ махфийликнинг ортиқча эканлигининг яна бир сабаби — кўпчилик муваффақиятли стартаплар ривожлана бориши билан дастлабки ғоядан анча узоқлашиб кетади. Бунга Facebook (NASDAQ: FB), Instagram, PayPal, Shopify, Twitter (NYCE: ТWТR) ва YouTube’ни мисол келтириш мумкин.

  1. Пул оқими аҳамиятини муносиб баҳоламаслик

Starтапларнинг учдан бир қисмга яқини пуллар тугаб қолиши туфайли муваффақиятсизликка учрайди. Бу хонавайрон бўлишнинг энг оммабоп сабаблари рўйхатида чиқарилаётган маҳсулотга талаб бўлмаслигидан кейинги ўринда туради.

Шу тариқа гуллаб-яшнайдиган компания яратишни истасангиз, асосий иқтисодий тамойилларни яхши билишингиз, жумладан, «пул оқими» нима эканлигини билишингиз лозим.

Инвестопедиа порталининг маълум қилишича, «пул оқими — бу биснесдан келаётган ва чиқиб кетаётган пул маблағлари ва уларнинг эквивалентларининг соф суммаси»дир.

Ижобий пул оқими бизнес харажатлардан кўпроқ даромад келтираётганлигини англатади. Салбий пул оқими эса, ўз навбатида, бизнес сарфланган пулдан камроқ маблағ келтираётганлиги, яъни пуллар йўқолаётганлигидан далолат беради.

Бироқ энди иш бошлаган тадбиркорлар кўпинча пул оқими динамикасини нотўғри тушунади ва уларни бошқара олмайди.

Реаллик шундайки, стартап биринчи кундан бошлаб «маблағларни ёндира» бошлайди, яъни ҳар бир сония сиз учун маълум бир маблағга тушади. Баъзан шундай вазият юзага келиши мумкинки, сизнинг тез суръатда ривожланаётган бизнесингиз салбий пул оқимини келтириб чиқариши мумкин. Бунга қуйидаги омиллар сабаб бўлади:

- Сиз маҳсулот савдосини бошладингиз;

- Мижозлар базангиз тез ўсиб бормоқда;

- Узоқ муддатли келажакда маҳсулотингизга бўлган талаб оммалашишини кутаяпсиз.

Ёмон эмас, бироқ:

- Дастлабки муваффақиятларга эришиш учун катта кредитлар олгансиз;

- Ойлик харажатларингиз (мисол учун, бино ижараси ва ходимлар ойлиги) олаётган фойдангиз ҳажмидан ортиқ.

Бизнес сарф-харажатдан кўп фойда келтирмаса, пуллар тугайди ва ёпилишга тўғри келади.

  1. «Барча учун» мўлжалланган маҳсулот яратишга уриниш

Бизнесга янги кириб келганлар муваффақиятли корхонани фақат оммабоп маҳсулот орқали яратиш мумкин деб ўйлаб янглишади. Улар аллақандай янгилик яратишга интилиб, концепцияни чексиз ўзгартириб, барча имкони бор функцияларни амалга оширишга уриниб кўради.

Бундай ёндашув — катта хато.

Масалан, ёш тадбиркор Facebook’дан ўзиб кетадиган ижтимоий тармоқни яратишга уринар экан, у Марк Цукерберг ва унинг ҳамкасблари оммавий бозорни забт этишни кўзламаганлиги, аксинча бу Американинг нуфузли университетлари талабаларининг ҳамжамияти бўлганлигини унутиб қўяди.

Стартап асосчиси бутун бозорни бирданига эгаллашга уринмасдан, аудиториянинг торроқ сегментини танлагани маъқул.

Чекланган аудитория ва оммавий бозор ўртасидаги жарликни енгиб ўтиш учун қуйидагиларга аҳамият қаратиш лозим:

-  Маҳсулотдаги хатоларни тўғрилаш;

-  Дастлабки фойдаланувчилар таъкидлаётган муаммоларга эътибор қаратиш;

-  Ўз қарорингизни шу заҳоти сотишга уринмасдан, брендни секин-аста барпо этиш.

Apple, Google ва Facebook айнан шундай йўл тутган.

  1. Мақсадни йўқотиш

Кўпчилик муваффақиятсиз стартапларнинг битта умумий жиҳати бор: уларнинг яратувчилари чексиз имкониятлар олдида ўзини йўқотиб қўяди.

 

Y Combinator венчур фонди ҳамасосчиси Пол Грем барча эътиборни ўз вазифасига қаратиш ҳар қандай стартап учун муҳим вазифа эканлигини таъкидлайди.

Янги компания асосчиси барча ресурсларни энг муҳим нарсалар, яъни бозор ва мижозларини ўрганиш, маҳсулотнинг биринчи ишчи версиясини яратиш, унинг ўсиши ва кўламдорлигига қаратиши лозим.

Бу масалада Стив Жобсдан ўрнак олиш мумкин.

Нега дунёдаги энг йирик компания фақат учта маҳсулот — яъни iPhone, iPad ва Маc/Маcбоок сотади? (Тўғри охирги йилларда Apple ассортиментини кенгайтирди, бироқ тамойил ўзгаришсиз қолмоқда.)

Стив Жобс компанияга қайтганда, компания кўп нарсалар: принтерлар, ўйин консоллари кабиларни сотган. Жобс мазкур лойиҳаларнинг барчасини ёпиб, бутун эътиборни битта ноутбук ва битта шахсий компьютерга қаратди.

Унинг мақсади — уларни идеал маҳсулотга айлантириш эди. Apple сотув ҳажмига қараб, у мақсадига эришганлиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин.

  1. Муваффақиятсизликлардан чўчиш

Эрикс Риснинг «эҳтиёткор стартап» методологияси пайдо бўлгандан сўнг у Кремний водийсида тез тарқалиб кетди.

Кўпчилик уни бирор нарса қўлингиздан келмаса, ўша ишни ташлашга ундайди деб юзаки талқин қилади. Аслида эса унинг ортида бутунлай бошқа фалсафа туради.

Муваффақиятсизлик барчасини ташлаш ва компанияни ёпиш учун сабаб эмас.

Бутунлай бошқача фикр юритиш лозим: агар тадбиркор сифатида баъзи четлаб ўтиш имконсиз бўлган хатоларни содир этишингиз (ва уларни тўғрилашингиз) керак бўлса, уларни тезроқ амалга оширинг.

Муваффақиятсизликлардан қўрқишнинг яна бир кўриниши — бу перфексионизм.

Кўпинча бошловчи тадбиркорлар ташриф қоғозлари, логотиплар, ёзувлар ва бизнес-режаларни қайта кўриб чиқиш, маҳсулотларини ўзгартиришга жуда кўп вақт сарфлаб, (онгли ёки онгсиз равишда) маҳсулотни реал чиқариш ва бозорнинг унга нисбатан жавобини олишни ортга суради.

  1. Номуносиб ҳамкорларни танлаш ва сўзда келишиш

Starтаплар кўпинча асосчилари келишмовчиликлари туфайли омадсизликка юз тутади. Пол Грем муваффақиятли бизнес учун унинг асосчилари ўртасидаги яхши муносабат муҳим эканлигини таъкидлайди.

Starтаплар кўпинча дўстлар ёки ҳамкасблар томонидан яратилиши туфайли кўпчилик ҳолатларда энди иш бошлаётган тадбиркорлар расмий келишув ва шартномаларни имзолашга алоҳида эътибор қаратмайди.

Дейлик, сиз дўстингиз билан компания ташкил этасиз ва барча фойдани иккига бўлишишга норасман келишиб оласиз. Бироқ бир йилдан сўнг иккингиздан бирингиз бизнесни тарк этасиз, қолган одам эса ташкилотни гуллаб-яшнаган корхонага айлантиради. Компанияни тарк этган ҳамкор ҳам барча даромаднинг ярмини оладими? Бу саволга келишувсиз жавоб топишнинг имкони борми?

Ҳамкорлар ўртасидаги муносабатларни расмийлаштириш уларга компаниядаги улушини аниқ ва адолатли тақсимлаш, компанияни ёпишга тўғри келса, вазиятни маданиятли ҳал қилиш имконини беради.